Маҳаллий

Тошкентдаги хонадонда 23 нафар чет элликдан иборат жиноий гуруҳ фош этилди

Улар ноқонуний фаолият юритаётган Салл марказ орқали мижозларнинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб келган.

Тошкентдаги хонадонда 23 нафар чет элликдан иборат жиноий гуруҳ аниқланди

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида мижозларнинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга қаратилган фаолият юритиб келган Салл марказ фош этилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, хонадонларни текшириб юрган ички ишлар ходими бўш хонадон ёнидан ўтаётганда ундан фуқаро чиқиб келганини кўриб, бўш хонадоннинг тоифасини ўзгартириш мақсадида у билан суҳбатлашган. Шунда фуқаро ходимга 1000 доллар пора таклиф қилган. Ички ишлар ходими жиноий гуруҳ аъзоси таклиф этган порани қабул қилмаган. Уй холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳар бир хонада 4-5 нафардан фуқаро борлиги, жами 23 нафар фуқаро ноқонуний яшаб келаётгани маълум бўлган.

Шундан кейин Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда у ердан 80 та уяли алоқа воситаси, 21 та ноутбук, 6 та Ви-Фи роутери ва 22 та паспорт ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбир чоғида гуруҳнинг крипто-активлар билан боғлиқ фаолияти ҳам фош этилган. Хусусан, 3 нафар чет эл фуқароси белгиланган тартибда лицензия олмасдан интернет крипто-биржалари орқали такроран крипто-активлар олди-сотдиси билан шуғулланиб келган. Уларнинг крипто-активлар айланмаси 27 910,21 УСДТъни (тахминан 329,6 миллион сўмни) ташкил этган.

“Тезкор ҳаракатлар ўз вақтида амалга оширилмаганида, бу яширин марказнинг фаолияти яна қанча одамни фирибгарлик схемалари домига тортиши мумкин эди”, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 278-8-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу йилнинг июл ойида Тошкентда иккита йирик махфий Салл марказлар фаолиятига чек қўйилганди. Тармоқ вакиллари чет эл фуқароларини юқори даромадли инвестиция ва криптовалюта лойиҳалари билан алдаб, уларнинг маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.