Маҳаллий

Тошкент вилоятида 400 дан ортиқ фуқарони фоизсиз кредит билан алдаб, 17 млрд сўм ўзлаштирган гуруҳ фош этилди

Тошкент вилоятида 400 дан ортиқ фуқарони фоизсиз кредит билан алдаб, 17 млрд сўм ўзлаштирган гуруҳ аниқланди

Тошкент вилоятида фуқароларга фоизсиз кредит олиб беришни ваъда қилиб, 400 дан ортиқ одам номига кредит расмийлаштирган жиноий гуруҳ фош этилди. Фирибгарлар ажратилган маблағларнинг бир қисмини ўзлаштирган бўлиб, етказилган зарар қарийб 17 миллиард сўмни ташкил қилган.

Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тезкор ходимлари ўтказган тадбирлар давомида маълум бўлишича, гуруҳ аъзолари интернет тармоқларида “фоизсиз кредит олиб берамиз” мазмунидаги эълонларни жойлаштириб келган.

Эълонда қизиққан фуқароларни олдиндан ижарага олинган ҳашаматли офисларга чақирган шахслар кредитни уларнинг номига расмийлаштириб беришни таклиф қилган. Бунинг эвазига ажратилган маблағларнинг маълум қисмини ўзлаштиришган.

Жумладан, фуқароларга 100 миллион сўм кредит расмийлаштириб берилиши, унинг 50 миллион сўми уларга топширилиши, қолган 50 миллион сўми эса компанияда қолиши ва кредит тўловларини фирибгарларнинг ўзи амалга ошириб бориши ваъда қилинган.

Ёлғон ваъдаларга ишонган фуқаролар кредитни ўз телефонлари орқали расмийлаштирган. Натижада 400 нафардан ортиқ фуқаро номига кредитлар ажратилган, маблағларнинг тенг ярми эса фирибгарлар томонидан ўзлаштирилган. Ўзлаштирилган маблағларнинг умумий миқдори қарийб 17 миллиард сўмни ташкил этган.

Орадан вақт ўтиб, фуқароларга банклар томонидан кредит қарздорлигини ундириш бўйича талабномалар юборила бошлаган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Терговга қадар текширув ва тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзоси гумонланувчи тариқасида ушланган ва қамоққа олинган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

ИИББ фуқароларни интернетдаги “фоизсиз кредит”, “жуда кам фоизли кредит” ва “ҳужжациз кредит” каби таклифларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга чақирди. Кредит бошқа шахслар томонидан тўланиши ваъда қилинган тақдирда ҳам, у фуқаронинг номига расмийлаштирилган бўлса, банк олдидаги мажбурият унинг зиммасида қолиши мумкин.

Аввалроқ Тошкентнинг Учтепа туманида фуқароларнинг 574,6 миллион сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган шахслар фош этилгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.