Маҳаллий

Тошкентда ўқув йилининг илк кунида автомобиллар оқими 30 фоизга ошди

Тошкентда ўқув йилининг биринчи кунида автомобиллар сони 30 фоизга кўпайди.

2-сентябр куни Тошкент кўчаларида транспорт оқими 24-августдаги одатий иш кунига нисбатан 30 фоизга ошганига қарамай, шаҳар бўйича умумий тирбандлик даражаси 6 балл атрофида сақланиб қолди. Бу ҳақда ЙҲТЕМ хабар берди.

Марказ маълумотларига кўра, транспорт оқими реал вақт режимида кузатиб борилган. Пойтахтдаги деярли барча муҳим тартибга солинадиган чорраҳалар рақамли тизимга уланган бўлиб, мутахассислар йўл ҳолати, светофорларнинг ишлаши, автомобиллар навбати ва жамоат транспорти ҳаракатини назорат қилган.

Транспорт оқимида навбатлар ортган ҳолларда, юклама юқори бўлган йўналишлардаги светофорларда яшил чироқ давомийлиги узайтирилган, светофор фазалари қайта созланган ва қўшни чорраҳалар ўзаро мувофиқлаштирилган. Бу орқали тирбандликнинг кейинги чорраҳаларга тарқалиши олди олинган.

ЙТҲ, автомобилнинг йўлда тўхтаб қолиши, йўл тасмасининг ёпилиши, таъмирлаш ишлари ёки тўхташ қоидаларининг бузилиши сабабли юзага келган тирбандликлар ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларига тезкор маълумот берилган. Заруратга кўра, жойнинг ўзида ҳаракат қўлда тартибга солинган ва тегишли хизматлар жалб этилган.

Вазиятлар марказида Тошкент шаҳар ЙҲТЕМ, Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси, ИИББ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ, жамоат транспорти диспетчерлик хизматлари ҳамда муҳандислик ва таҳлилий бўлинмалар вакилларидан иборат ищи гуруҳ фаолият юритмоқда.

Марказ маълумотига кўра, олий таълим муассасалари, академик лицейлар, техникумлар ва бошқа таълим муассасаларида машғулотлар бошланиши билан транспорт юкламаси янада ортиши мумкин. Шу сабабли яқин кунларда транспорт ҳаракатини мониторинг қилиш кучайтирилган тартибда давом эттирилади.

1-сентябр куни ЙҲТЕМ ва Транспорт бошқармаси Тошкент шаҳрида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан транспорт тизими юқори юкламага тайёр эканини маълум қилганди. Янги ўқув йили олдидан мактаблар атрофидаги йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича ишлар амалга оширилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.