Тошкентда ҳаво сифатининг ёмонлашиши ҳафта охиригача кузатилиши мумкин
Тошкентда сўнгги кунларда ҳаво сифати ёмонлашишига метеорологик шароитлар — шамол тезлигининг пастлиги ва ҳарорат инверсияси таъсир кўрсатди. Бу каби ҳодисалар ҳафта охиригача тунда ва эрталаб қисқа муддатли кузатилиши мумкин, дея огоҳлантирди Экология қўмитаси.

Тошкентда ҳаво сифатининг ёмонлашиши ҳафта охиригача сақланиб қолиши мумкин
Тошкентда ҳаво сифати ҳафта охиригача тунда ва эрталаб қисқа муддатга ёмонлашиши мумкин.
Идора маълумотларига кўра, 6 октябрь куни кундузи Тошкент ҳудудининг катта қисмида халқаро AQI индекси бўйича ҳаво сифати «ўртача» даражада бўлган. Соат 20:00 дан кейин кўрсаткичлар ёмонлашган, тунги ва эрталабки соатларда эса кенгроқ ҳудудда «нозик гуруҳлар учун зарарли» даражаси қайд этилган. Айрим туманларда қисқа муддатга «носоғлом» даражаси кузатилган.
6 октябрь соат 17:00 дан 7 октябрь соат 10:00 гача шаҳар бўйича PM2,5 майда дисперсли заррачаларининг ўртача концентрацияси 43,5 мкг/м³, PM10 эса — 97,2 мкг/м³ ни ташкил этди. Ушбу давр учун ўртача AQI қиймати 117 ни ташкил этди, бу «нозик гуруҳлар учун зарарли» даражасига тўғри келади. Миллий индексацияга кўра, PM2,5 нинг ўртача концентрацияси «яшил», PM10 эса — «сариқ» даражада бўлган. 7 октябрь соат 10:00 да шаҳар бўйича PM10 нинг ўртача кўрсаткичи «оловранг» даражасига кўтарилган.
«Ҳаво сифатининг ёмонлашишига ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини чеклаган ноқулай метеорологик шароитлар таъсир кўрсатди. Шамол тезлигининг тахминан 1 м/с бўлгани ва тунда кучли ҳарорат инверсияси ҳаво алмашинуви ҳамда ҳавонинг вертикал аралашиши камайишига ёрдам берди», — дея қайд этди қўмита.
6 октябрь соат 23:00 дан 7... октябрь соат 08:00 гача ҳарорат инверсияси кузатилди. Инверсия қатламидаги ҳарорат фарқи 1,8−6,7 даражани ташкил этди, бу кучли инверсияга тўғри келади. Бундай шароитда ер юзасидаги совуқ ҳаво устида нисбатан иссиқ ҳаво қатлами ҳосил бўлиб, у ифлослантирувчи моддаларнинг вертикал тарқалишига тўсқинлик қилади, дея тушунтирди қўмита.
«Бу каби ҳодисалар ҳафта охиригача тунги ва эрталабки соатларда қисқа муддатга кузатилиши мумкин», — дея огоҳлантирди қўмита.

