Тошкентда бугун кечқурун ҳаво сифати ёмонлашиши мумкин

Тошкентда бугун кечқурун ҳаво сифати ёмонлашиши мумкин
22-сентябр соат 21:00 дан 23-сентябр тонги соат 04:00 гача Тошкентда ҳарорат инверсияси кузатилиши кутилмоқда. Бунда ер юзасига яқин ҳаво совиб, юқорироқ қатламдаги ҳаво нисбатан илиқ бўлиб қолади.
Прогнозларга кўра, пойтахтда айрим соатларда шамол тезлиги 0,5–1 метр/секундгача пасаяди, ҳавонинг вертикал аралашуви эса секинлашади. Ёғингарчилик кутилмагани сабабли ПМ2,5 ва ПМ10 заррачаларининг ерга яқин қатламда тўпланиши учун шароит юзага келиши мумкин.
Кутилаётган ҳолат туфайли 22:00 ва 01:00 оралиғида Тошкентнинг аксарият ҳудудларида ҳаво сифати АҚИ бўйича “сезгир гуруҳлар учун носоғлом” даражагача ёмонлашиши мумкин. Эрталаб инверсия заифлашиб, ҳаво сифати аста-секин яхшиланиши кутилмоқда.
Шу боис кечки пайтларда очиқ ҳавода узоқ вақт бўлмаслик тавсия этилди. Атмосфера ҳавоси сифати ҳозирда Махсус комиссия томонидан доимий назорат қилинмоқда.
18-сентябр куни кечқурун Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги ПМ2,5 ва, айниқса, ПМ10 заррачалари миқдори қисқа вақт ичида кескин ошганди. Махсус комиссия маълумотига кўра, бунга қуруқ об-ҳаво, ҳавонинг суст алмашинуви ва чанг массаларининг ҳудудга кириб келиши биргаликда сабаб бўлган.

