Маҳаллий

Тошкентда 5-ноябрга ўтар кечаси ёғингарчилик ҳисобига ҳаво сифати яхшиланиши кутилмоқда

Пойтахтда 2–6 миллиметр миқдорида ёғингарчилик прогноз қилинмоқда. Бу ҳаводаги ПМ2.5 ва ПМ10 заррачалари миқдорининг камайишига ёрдам бериши мумкин.

Тошкентда 5-ноябрга ўтар кечаси ёғингарчилик сабаб ҳаво сифати яхшиланиши кутилмоқда

Тошкент шаҳрида 5-ноябрга ўтар кечаси атмосфера ҳавоси сифати яхшиланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Прогнозларга кўра, пойтахтда кечки, тунги ва эрталабки пайтларда ҳаво сифати халқаро ҳаво сифати индекси (АҚИ) бўйича “ўртача”, айрим вақтларда эса “сезгир гуруҳлар учун носоғлом” даражада бўлиши мумкин.

Миллий ҳаво сифати индекси бўйича кўрсаткичлар асосан “яшил”, қисқа муддат давомида эса “сариқ” даражада бўлиши кутилмоқда. Глобал об-ҳаво прогноз моделларига кўра, 5-ноябрга ўтар кечаси Тошкентда 2–6 миллиметр миқдорида ёғингарчилик кузатилиши мумкин.

Кутилаётган ёғингарчилик атмосферадаги ПМ2.5 ва ПМ10 майда заррачалари миқдорини камайтириб, ҳаво сифатини яхшилаши прогноз қилинмоқда. 5-ноябр куни эрталаб ҳаво сифати халқаро АҚИ бўйича “ўртача”, миллий индекс бўйича эса асосан “яшил” даражада бўлиши мумкин.

**Ҳавонинг ифлосланиш сабаблари**

Ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётган омиллардан бири — атмосфера ҳавосининг айланиши, яъни ҳаво сиркуляцияси билан боғлиқ жараёнлардир. Тошкент шаҳри тоғолди ҳудудда, водийга туташ жойда жойлашган. Бу ҳудудда шимоли-шарқ ва жануби-ғарб йўналишларидан эсувчи шамоллар муҳим аҳамиятга эга. Шамолнинг йўналиши ва тезлиги атмосфера ҳавоси алмашинуви ҳамда ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишига бевосита таъсир кўрсатади.

Мутахассислар Тошкентда ҳаво ифлосланишининг кучайишига нафақат инсон фаолияти, балки табиий чанг, ёғингарчиликларнинг камлиги ва ноқулай метеорологик шароитлар ҳам таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқда. Ёғингарчиликлар камлиги ҳаводаги чанг зарраларининг ювилиб кетишини сусайтиради. Пойтахтда эса ёғингарчилик ойлик меъёрдан қарийб 6 баробарга камайган.

Эслатиб ўтамиз, 31-октябрдан 1-ноябрга ўтар кечаси пойтахтда ҳаво сифати ёмонлашиши прогноз қилинганди. Бунга ҳаво ҳароратининг пасайиши, шамолнинг кучсизлиги ва ҳарорат инверсияси сабаб бўлиши мумкинлиги билдирилган.

Ўшанда кундузги соатларда ҳарорат кўтарилиши ва ҳаво алмашинуви яхшиланиши ҳисобига атмосферадаги ифлослантирувчи моддалар миқдори камайиши кутилаётгани маълум қилинганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.