Тошкент вилоятида яшириб кетилган салкам 95 кило наркотик топилди

Тошкент вилоятида яшириб қўйилган қарийб 95 кило наркотик аниқланди
Тошкент вилоятида божхоначилар қарийб 95 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситасини ноқонуний муомаладан чиқариб олди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Қибрай туманидаги дала майдонида дарахтлар орасига 4 дона хўжалик қопи яшириб кетилгани аниқланган. Қоплар ичида 109 дона ўрам бўлиб, ўрамлардаги модда Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, қарийб 95 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситаси экани тасдиқланди.
Гиёҳвандлик воситаларини олиб кетиш учун келадиган шахсларни аниқлаш мақсадида ушбу ҳудуд бир неча кун давомида узлуксиз кузатув остига олинди. Орадан 8 кун ўтиб, наркотик моддаларни олиб кетиш учун келган икки нафар фуқаро ҳам тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди. Тергов ҳаракатлари давомида бу моддаларни яшириб кетилган жойдан олиб кетиш ҳақида топшириқ берган шахс ҳам аниқланиб, ушланди. У муқаддам бензин контрабандаси билан шуғуллангани учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Қўмита маълумотига кўра, 95 кило гашиш қарийб 700 мингта доза дегани. Яъни бу миқдордаги гиёҳвандлик воситаси қора бозорга чиқарилганида, юз минглаб инсонлар ҳаёти ва тақдирига жиддий хавф туғдириши мумкин эди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур гиёҳвандлик воситаларининг қора бозордаги қиймати охирги истеъмолчига етиб боргунига қадар 10 миллион АҚШ долларидан ошиши мумкин эди.
Бундан аввал Божхона ходимлари Таиланддан Ўзбекистонга 13 килодан ортиқ наркотик моддаларнинг олиб кирилишига чек қўйгани ҳақида хабар берилган эди. Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги маълумотига кўра, 2026-йилнинг саккиз ойида Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 12 104 та жиноят ва 1 410 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган.

