Тошкентдаги меҳмонхонада наркотик сотаётган шахс ушланди
У 1кгдан ошиқ гашиш моддасини шартли харидорга 26 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 21

Тошкентдаги меҳмонхонада наркотик сотаётган шахс қўлга олинди
Тошкентда 26 минг долларлик гиёҳвандлик воситаси савдоси аниқланган.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Божхона ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида комплекс чора-тадбирлар ўтказилди.
Натижада қўшни давлатдан олиб келинган катта миқдордаги наркотик модда Тошкент шаҳрида мусодара қилинди.
Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида яшовчи, 1988-й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги меҳмонхоналардан бирида 1 кг 185 гр «гашиш» моддасини шартли харидорга 26 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 21 минг долларини олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, заҳри қотилни у билан бирга Сурхондарёдан пойтахтга олиб келган «Кобалт» автотранспорт воситаси ҳайдовчиси – 1987-й.т., муқаддам ўғрилик билан боғлиқ жинояти учун судланган шериги ҳам меҳмонхона ёнида қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу наркосавдогарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

