Маҳаллий

Тошкентда наркодилерлар қўлга олиниб, 1 килога яқин гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди

Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи шахслар қўлга олинди ва улардан қарийб 1 килограмм гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.

Тошкент шаҳри ва вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида аввал наркотик жиноятлари учун судланган шахслар ва уларнинг шериклари ҳибсга олинди.

Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти ходимлари Тошкент туманида 1991-йилда туғилган, илгари Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан судланган шахсни БЙД автомашинасида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатиб текширишди. Автомобил салонидан 200 грамм мефедрон топилди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш жойи ҳам кўздан кечирилди. У ердан яна 300 грамм мефедрон аниқланди. ИИВ маълумотларига кўра, бу шахс наркожиноий фаолиятда қадоқловчи ва "закладчик" вазифасини бажарган.

Кейинги ҳолат Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида қайд этилди. ИИВ Тезкор қидирув департаменти ҳудудий бўлинмалари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 1992-йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ҳамда унинг 1990-йилда туғилган шериги БЙД автомашинасида тўхтатиб текширилди.

Уларнинг ёнидан 400 грамм мефедрон ва гашиш топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Тезкор маълумотларга кўра, улар Телеграмъдаги наркодўкон орқали синтетик гиёҳвандлик воситаларини қарийб бир йил давомида тарқатиб келган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ИИВ фуқароларни шубҳали фаолият ёки шахслар ҳақида “Стопнарко” Телеграм боти ва ишонч телефонлари орқали хабар беришга чақирди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирларда қурилиш асбоблари ичига яширилган жами 585 грамм “Алфа-ПВП” синтетик наркотик моддаси аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.