Маҳаллий

Тошкент мактабларида ўқувчиларнинг хулқи ва руҳий ҳолати сунъий интеллект орқали таҳлил қилинади

Тошкентда вояга етмаганлар жиноятчилиги ортиб бораётгани сабабли юқори синф ўқувчиларининг синфхоналарига ъақллиъ камералар ўрнатилмоқда. Сунъий интеллект дастури ўқувчиларнинг давомати, тажовузкорлик ҳолати, руҳияти ва дарсдаги фаоллигини баҳолайди.

Тошкент мактабларида ўқувчиларнинг хулқ-атвори ва руҳий ҳолати сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинади. Бу чора пойтахтда вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сонининг ортиши билан боғлиқ. Бу ҳақда Газета мухбирига Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова маълум қилди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон бўйича ёшлар жиноятчилиги сезиларли даражада камайган. Тошкентда ҳам ўтган йилга нисбатан ёшлар ўртасидаги жиноятлар (гиёҳвандлик, қасддан жиноят содир этиш ва ҳуқуқбузарликлар) ҳамда уларда иштирок этган ёшлар сони 24 фоизга камайган. Бироқ, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ортган.

Раҳимованинг таъкидлашича, ёшлар, баъзан билмаган ҳолда, жиноятларнинг бевосита иштирокчисига айланмоқда. Бу ҳолат талабалар орасида ҳам кузатилмоқда. Бундай вазиятлар такси, курерлик ва почта хизматларидан фойдаланиш жараёнида ҳам юзага келмоқда. Шу сабабли, профилактика ишларини кучайтириш билан бирга, жиноятчиликка мойил ёшларни эрта аниқлашга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Тошкентда вояга етмаганлар жиноятчилигининг олдини олиш мақсадида "Ақлли мактаб" тизими жорий этилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида 9, 10 ва 11-синфларнинг синфхоналарига "ақлли" камералар ўрнатилмоқда.

Дурдона Раҳимова маълумотларига кўра, тизим дастлаб Сергели туманида пилот лойиҳа сифатида ишга туширилган ва Вазиятлар марказига уланган. Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг 9-11-синфларидаги жами 345 та синфхонадан 177 тасига замонавий "ақлли" камералар ўрнатилган. Ҳозирда пойтахтнинг яна 11 та туманидаги мактаблар ҳам камералар билан таъминланмоқда.

Сунъий интеллектга асосланган дастур ўқувчиларнинг давомати ва хулқ-атворидан ташқари, уларнинг агрессивлиги, психологик ҳолати, ижтимоий ва дарсдаги фаоллигини ҳам таҳлил қилади. Ҳоким ўринбосарининг сўзларига кўра, бу дастур орқали мактаб ўқувчиларининг психологик ҳолатини аниқлаш, уларнинг салбий иллатларга қарши иммунитети ёки мойиллигини ўрганиш имконияти яратилади.

Раҳимова тизимнинг ҳали такомиллаштириш босқичида эканлигини ва унда айрим хатоликлар бўлиши мумкинлигини қайд этди. Дастурнинг ишлаш механизми ва натижалари ҳақида кейинроқ алоҳида матбуот анжуманида батафсил маълумот берилиши режалаштирилган.

Ҳоким ўринбосари жиноятчиликка қарши курашда нафақат унинг оқибатларини бартараф этиш, балки келиб чиқиш сабабларини аниқлашга ҳам эътибор қаратилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, жиноят содир этаётган ёшларнинг катта қисми таълимда ҳам, ишда ҳам банд эмас, яъни касб-ҳунари ва аниқ даромад манбаига эга бўлмаган шахслардир.

Шу боис, маҳаллалардаги "еттилик" механизми орқали бундай ёшларни аниқлаш ва уларга кўмаклашиш ишлари олиб борилмоқда. Профилактика инспекторлари, ёшлар етакчилари ва ҳоким ёрдамчилари ёшларни ишга жойлаштириш, даромад манбаига эга бўлиш, тадбиркорликни бошлаш ёки касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашиши зарур.

Раҳимова бугунги кунда жиноятчиликнинг омиллари юзаки эмас, балки чуқур таҳлил қилинаётганини қўшимча қилди. Жараёнда ёшларнинг ишсиз қолиш сабаблари, қайси ҳудуддан экани, қайси корхонадан бўшагани, айрим тадбиркорлик субьектлари нима учун ёпилгани ва ёшлар нега муайян касбларни танламаётгани ўрганилмоқда.

Ушбу маълумотлар меҳнат бозоридаги талаб билан таълим тизимида тайёрланаётган кадрларни солиштириш учун ҳам қўлланилмоқда. Хусусан, қайси касбларга талаб юқори экани, ёшлар учун қайси иш ўринлари жозибадор ва даромадли экани аниқланмоқда.

Раҳимовага кўра, Тошкентдаги меҳнат бозори ва ёшларнинг касб танлаш тенденсияларини ўрганишда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Ушбу таҳлиллар асосида давлат дастурларига таклифлар киритиш, таълим квоталарини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш ҳамда вазирлик ва идоралар билан биргаликда тизимли чораларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Аввалроқ, 2026-йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонда 14,3 мингдан зиёд олдини олиш мумкин бўлган жиноят қайд этилгани маълум қилинганди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ёшлар, аёллар ва ишсизлар иштирокидаги жиноятлар камайган бўлса-да, вояга етмаганлар содир этган жиноятлар 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 фоизга ошган.

Шунингдек, Сергели тумани ҳокимлигида сунъий интеллект асосида вазиятлар маркази ишга туширилгани ҳақида хабар берилганди. Президент уни пойтахтнинг қолган туманларида ҳам жорий этиш, шунингдек, гавжум жойлар ва бозорларда ИИВга онлайн мурожаат қилиш учун "ақлли" қурилмаларни ўрнатишни кенгайтириш бўйича топшириқ берган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.