Токио Москвани Хабаровскдаги Япония устидан ғалаба ёдгорлигини олиб ташлашга чақирди

Токио Москвадан Хабаровскдаги Япония устидан ғалаба ёдгорлигини олиб ташлашни талаб қилди
Япония бош вазири Санае Такаичи Россиядан Хабаровск шаҳрида Совет Иттифоқининг Япония устидан қозонган ғалабасига бағишланган ёдгорликни бузиб ташлашни сўради.
Япония бош вазири ёдгорликда мамлакат рамзларидан бири бўлган хризантема тасвиридан фойдаланилганини мутлақо номақбул деб атади.
“Япония ҳукумати Россия томонини ёдгорликни ўрнатишни тўхтатишга ва уни демонтаж қилишга қатъий чақиради”, — деб ёзди Такаичи Х ижтимоий тармоғида.
4-сентябр куни Хабаровскнинг энг баланд нуқтасида Иккинчи жаҳон урушининг тугаши ва Совет Иттифоқининг Япония устидан қозонган ғалабасига бағишланган Россиядаги энг йирик ёдгорликлардан бири очилди.
Бронзадан қуйилган ҳайкалнинг баландлиги 15 метр. Унда совет аскари қўндоғи билан Япониянинг рамзи ҳисобланган хризантема тасвири туширилган чегара устунини ураётгани акс этган.
Россия томони ёдгорликдаги чегара устунини Япониянинг Сахалинда ўрнатган тарихий белгиларидан бирининг нусхаси сифатида изоҳламоқда.
Россия президенти бошқарувида гуманитар сиёсат масалалари бўйича бошқарма раҳбари ўринбосари Николай Овсеенко ҳайкалдаги хризантема нафақат Япония императорлик сулоласининг рамзи, балки Иккинчи жаҳон уруши даврида “ҳарбийлаштирилган Япония”нинг рамзи ҳам эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ёдгорликдаги чегара белгиси Россия-Япония урушидан кейин Япониянинг Сахалиннинг бир қисмини эгаллаб олган даврда ўрнатилган чегара тошининг айнан нусхаси ҳисобланади.
Хризантема Япониянинг расмий рамзларидан бири бўлиб, императорлик сулоласи билан чамбарчас боғлиқ. 16 баргли олтин хризантема тасвири императорлик герби сифатида давлат ҳужжатларида ва император оиласига алоқадор буюмларда қўлланади.
1945-йил августида Совет Иттифоқи иттифоқчилик мажбуриятларини бажариш доирасида Японияга қарши урушга қўшилади. 9-август куни совет қўшинлари Манчжурияда ҳужум бошлайди.
Манчжурия операцияси давомида Совет армияси Япониянинг Квантунг армиясини тор-мор этади. Шунингдек, совет қўшинлари Жанубий Сахалин ва Курил оролларини эгаллайди.
Квантунг армиясининг мағлубияти Япониянинг Осиё қитъасидаги энг йирик қуруқликдаги ҳарбий гуруҳидан айрилишига олиб келди ва мамлакатнинг таслим бўлиш жараёнини тезлаштирган эди.
1945-йил 2-сентябрда Япония сўзсиз таслим бўлиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. Бу Иккинчи жаҳон урушининг якунланганини англатди.
2026-йил 13-август куни Владимир Путин Россия назоратидаги, аммо Япония даъво қиладиган Курил оролларидан бири — Итурупга илк бор ташриф буюрди. Бу Россия президентининг Курил оролларига 2010-йилдаги Дмитрий Медведев ташрифидан кейинги илк президентлик ташрифи бўлди.
Токио бунга жуда кескин муносабат билдирди. Япония бош вазири Санае Такаичи ташрифни “мутлақо номақбул” деб атаган, Япония ТИВ эса Россия элчисини чақириб, норозилик билдирганди.
Шундан кейин вазият янада кескинлашди. 18-августда Россия Япония элчисини чақириб, Такаичининг Путиннинг ташрифига берган баҳосидан норозилик билдирди.

