Тайсон Фюри ва Энтони Жошуа ўртасидаги жанг санаси маълум бўлди

Тайсон Фюри ва Энтони Жошуа ўртасидаги жанг санаси аниқланди
Профессионал бокснинг супер оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Тайсон Фюри билан яна бир собиқ чемпион Энтони Жошуа ўртасидаги узоқ кутилган баҳс 11-декабр куни Уелснинг Кардифф шаҳридаги “Принсипалитй Стадиум” аренасида бўлиб ўтади. Ушбу жангни Нетфлих платформаси бутун дунё бўйлаб жонли эфирда намойиш қилади.
Манбага кўра, жангнинг жойи ва санаси Саудия Арабистони умумий кўнгилочар бошқармаси раиси ҳамда Саудия бокс федерацияси президенти Турки ал аш-Шайх томонидан эълон қилинган. У Фюри ва Жошуа ўртасидаги жангни ташкил этиш бўйича ниҳоят келишувга эришилганини маълум қилди.
Олдинроқ икки боксчининг қаерда рингга чиқиши юзасидан узоқ музокаралар олиб борилганди. Баҳсни АҚШнинг Ню-Ёрк шаҳридаги “Мадисон Сқуаре Гарден” аренасида ўтказиш варианти ҳам кўриб чиқилган. Охир-оқибат жанг Буюк Британияда ўтказиладиган бўлди.
Фюри ва Жошуа 30-сентабр куни Лондонда бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида илк бор жанг олдидан юзма-юз учрашади.
38 ёшли Фюри профессионал боксда 39 та жанг ўтказиб, улардан 36 тасида ғалаба қозонган. “Лўлилар қироли” фақат икки марта мағлуб бўлган ва бир жангида дуранг қайд этилган. У мутлақ Жаҳон чемпионлиги учун бўлган иккита жангда украиналик Олександр Усикка имкониятни бой берган.
Фюри 2024-йил декабрида Усикка ютқазганидан кейин фаолиятини якунлаганини билдирганди. Бироқ Тайсон 2026-йил январида рингга қайтишини айтиб, иккита ғалабага эришди (Арсланбек Маҳмудов ва Мариус Вах).
36 ёшли Жошуа ўтган йил декабрида Нигерияда юз берган автоҳалокатдан кейин жанг ўтказмаган. Ўша автоҳалокатда унинг икки яқин дўсти ҳалок бўлган. Жошуа июл ойида рингга қайтиб, жанг ўтказди. У профессионал боксда 34 та жангда қатнашиб, уларнинг 30 тасида ғалаба қозонган. “АЖ” фақат 4 марта мағлубиятга учраган.
Жанг Нетфлих орқали дунё бўйлаб қўшимча тўловсиз намойиш этилади.

