Маҳаллий

“Ташаббусли бюджет”да янги тартиб асосида депутатлар 346 та лойиҳани қўшимча ғолиб деб топди

1-сентабрда “Ташаббусли бюджет”нинг 2026-йилги иккинчи мавсуми натижалари эълон қилинди. Овоз бериш жараёнида мамлакат бўйлаб 10 миллион 124 мингдан ортиқ овоз берилди ва 2 195 лойиҳа ғолиб деб топилди.

“Ташаббусли бюджет”да янги тартиб асосида депутатлар 346 та лойиҳани қўшимча ғолиб деб топди

Аммо “Ташаббусли бюджет”даги танлов шу билан якунланмади. Энди навбат депутатларга келди.

Бу мавсум жараёнида муҳим янгилик бор: депутатлар энди битта эмас, ажратилган маблағ доирасида бир нечта лойиҳани қўшимча ғолиб сифатида танлаши мумкин.

Бундай имконият Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29-июндаги қарори билан белгиланган. Олдинги тартибга кўра, депутат ҳар бир мавсумда овоз беришда ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан фақат биттасини қўшимча ғолиб сифатида танлай оларди. Энди эса бир сайлов округидаги бир нечта муҳим муаммони бир вақтнинг ўзида ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш имконияти пайдо бўлди.

Эндиликда масала фақат “қайси лойиҳа кўп овоз олди?” деган савол билан чекланмайди. Бошқача айтганда, сайлов округида бир нечта муҳим муаммо мавжуд бўлса, депутат улардан фақат биттасини танлаш билан чекланиб қолмайди. Ажратилган маблағ имкон берса, бир нечта ҳудуддаги муаммони ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.

Жорий йилнинг 2–6-сентабр кунлари Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, овоз беришда ғолиб бўлмаган лойиҳалар билан танишди, аҳоли билан учрашди ва қайси ташаббуслар қўшимча қўллаб-қувватлашга муносиб эканини ўрганди.

Жараён якунларига кўра, депутатлар жами 346 та лойиҳани қўшимча ғолиб деб топди. Уларни амалга ошириш учун 240,3 миллиард сўм йўналтирилади. Лойиҳалар 145 та туман ва шаҳардаги 343 та маҳаллани қамраб олди.

Янги тартибнинг амалий натижалари ҳам эътиборга молик. 149 депутатнинг 93 таси ажратилган маблағни битта йирик лойиҳага йўналтирган бўлса, 56 таси уни бир нечта лойиҳага тақсимлаган. Масалан, Дилноза Азизова 17 та, Жасурбек Шодиев 12 та, Зебинисо Раҳмонова 10 та, Гўзал Самиева 9 та, Фирдавс Шарипов 8 та, Одилжон Тожиев 8 та, Абдулло Аслонов 7 та лойиҳани қўллаб-қувватлаган.

Танланган ташаббуслар асосан одамларнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қиладиган масалаларга тааллуқли: йўл, электр, ичимлик суви, маҳалла инфратузилмаси, болалар ва спорт майдончалари.

Рақамлар ҳам буни тасдиқлайди. 346 та лойиҳанинг 119 таси ички йўлларни таъмирлашга қаратилган бўлиб, уларга умумий маблағнинг 41 фоизи - 98,9 миллиард сўм йўналтирилган; бунинг ҳисобига жами 156,8 километр йўл асфалтланади. Электр таъминоти ва кўча чироқлари бўйича 92 та, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари бўйича 54 та, болалар майдончалари бўйича 20 та, соғлиқни сақлаш муассасалари бўйича 14 та, ичимлик суви бўйича 13 та лойиҳа танланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.