“Ташаббусли буджет”нинг 2-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланди
ъТашаббусли буджетънинг 2026-йилги 2-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланди. Овоз бериш 31-августгача давом этади. Ғолиблар 1-сентабр — Мустақиллик байрами куни эълон қилинади.

Ўзбекистонда "Ташаббусли буджет"нинг 2026-йилги иккинчи мавсуми учун овоз бериш жараёни бошланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Овоз бериш 31-август куни соат 23:59 га қадар давом этади. Ғолиб лойиҳалар 1-сентабр – Мустақиллик байрами куни эълон қилинади.
2026-йилги мавсумдан бошлаб, қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари учун максимал қиймат 1 648 млн сўм (БҲМнинг 4000 баравари), жиҳозлаш лойиҳалари учун эса 824 млн сўм (БҲМнинг 2000 баравари) этиб белгиланди.
Истисно тариқасида, маҳаллалари сони 15 ва ундан кам бўлган туман (шаҳар)ларда танаффус бериш амалиёти қўлланмайди. Фуқароларга лойиҳаларни шерикчилик асосида молиялаштириш имконияти яратилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округларидаги ғолиб бўлмаган биттадан лойиҳани қўшимча равишда ғолиб деб эълон қилиш ҳуқуқи берилади.
2025-йил декабр ойида Сенат кенгаши қарори билан "Ташаббусли буджет" тартибига ўзгартиришлар киритилган эди. Энди лойиҳалар кейинги босқичларга ўтиши учун камида 50 та овоз тўплаши шарт. Жиҳозлаш лойиҳаларининг қиймати чекланди, қўшимча ғолибларни аниқлаш ва шерикчилик асосида молиялаштириш тартиби белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилда ушбу дастурга 6 трлн сўм ажратиш режалаштирилган. Шундан 496 млрд сўм депутатлик ташаббуслари амалиётини жорий этишга, 506 млрд сўм эса аҳоли ва давлат ўртасидаги "қўшма молиялаштириш" шаклидаги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилади.
Президент қарори билан 2026-йилдан бошлаб ғолиб бўлмаган иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) депутатлар ташаббусига кўра ғолиб деб эълон қилиш амалиёти жорий этилди. Ғолиб бўлмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга салкам 3,3 млрд сўм ажратилади.
Худди шу ҳужжат билан 1-февралдан "Ташаббусли буджет"да айрим лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш амалиёти жорий этилди. Бунда аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоизи ихтиёрий молиялаштирилганда, лойиҳалар ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика буджетидан молиялаштирилади.

