Электр энергиясидан қийналган маҳаллалар “Ташаббусли бюджет”даги шериклик механизмидан энг кўп фойдаланди
Жорий мавсумда 50 фоиз харажатини ташаббускорларнинг ўзлари тўплаган 100 дан ортиқ лойиҳа шериклик механизмидан фойдаланган ҳолда муддатидан илгари ғолиб бўлди. Шундан 48 таси – электр таъминотидаги муаммолар, 30 таси кўча чироқлари билан боғлиқ. Бугун тунда қолган лойиҳаларга овоз бериш жараёни бошланади.

Электр таъминотида муаммоларга дуч келган маҳаллалар "Ташаббусли бюджет"нинг ҳамкорлик механизмидан энг самарали фойдаландилар.
"Ташаббусли бюджет" доирасида ҳамкорлик асосида ғолиб деб топилган лойиҳалар сони 114 тага етди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур маблағнинг 50 фоизи ташаббускорлар томонидан йиғилганлиги сабабли, улар автоматик тарзда ғолиб деб эълон қилинди. Энди қолган 50 фоиз маблағ маҳаллий бюджетдан ажратилади.
Ҳамкорлик лойиҳалари бўйича фуқаролар маблағларни 21-август куни соат 17:00 га қадар транзит ҳисобрақамларга ўтказишлари шарт.
Ҳозирги кунгача Қашқадарё вилоятида 33 та, Самарқанд вилоятида 23 та, Хоразм вилоятида 15 та, Навоий вилоятида 14 та, Сирдарё вилоятида 9 та, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида эса 7 тадан лойиҳа ғолиб бўлди.
Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан ҳамкорлик асосида бирорта ҳам лойиҳа ғолиб бўлмади.
Бугун тунда, яъни 22-августдан бошлаб лойиҳаларга овоз бериш жараёни старт олади. Овоз бериш 31-августда якунланади ва ғолиблар 1-сентабр – Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами куни эълон қилинади.

