Сурхондарёда ҳамкасбига шилқимлик қилган 59 ёшли мактаб ўқитувчиси беш суткага қамалди
Аёл ҳамкасблари олдида ҳижолат бўлганини, эркак илгари ҳам унга шаҳвоний мазмундаги гаплар айтганини билдирган. Эркак эса бу гапларни ҳазил тариқасида айтганини таъкидлаган.

Сурхондарёда ҳамкасбасига шилқимлик қилган 59 ёшли мактаб ўқитувчиси беш суткага қамалди
Сурхондарё вилояти Музработ туманида аёл ҳамкасбасига шаҳвоний шилқимлик қилган 59 ёшли мактаб ўқитувчиси 5 суткага қамалди.
Ҳолат 2026-йил 3-октябр куни соат 15:00 лар атрофида умумий ўрта таълим мактабларидан бирида юз берган. Ўша куни ўқитувчи У.К. ҳамкасбасининг ёнига келиб, бошқа ўқитувчилар олдида унга: “Кўйлагинг бунча чиройли, қучоқлаб ўпиб оламан”, деган.
Аёл судда бу гаплар ҳамкасблари олдида уни қаттиқ ҳижолатга солганини айтган. Унинг сўзларига кўра, У.К. аввал ҳам унга шаҳвоний мазмундаги гаплар айтиб келган, бироқ у бу ҳақда ҳеч қаерга шикоят қилмаган.
“Шу воқеадан сўнг ўша ерда турган ҳамкасбларим менга тегишли идораларга мурожаат қилишни маслаҳат беришди. Ўша куни уйимга бориб, бўлиб ўтган воқеани онамга айтиб бердим. Йиғлаб, соғлиғим ёмонлашди”, дейди аёл.
Эркак судда айбига иқрор бўлиб, юқоридаги сўзларни ҳазиллашиб айтганини билдирган.
Суд қарори билан У.К. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш) бўйича айбли деб топилиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

