Самарқандда низоли оила келинига шилқимлик қилган маҳалла раиси 5 суткага қамалди
Қўшработ туманидаги Катта Оқмачит маҳалласи раиси низоли оилани яраштириш чоғида аёлнинг телефон рақамини олиб, кейин унга шаҳвоний шилқимлик қилган. Раис аёлга Телеграм орқали уяциз видеолар жўнатган ҳамда жинсий яқинлик таклиф этган.

Самарқандда низоли оила келинига шилқимлик қилган маҳалла раиси 5 суткага қамалди
Қўшработ туманида маҳалла раиси шилқимлик ҳаракати учун маъмурий жазога тортилди.
Суд ҳужжатларига кўра, Қўшработ туманидаги Катта Оқмачит маҳалласи раиси 42 ёшли U.Ch. ҳудудда яшовчи аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган. У аёлга Телеграм орқали ёзиб, жинсий алоқа таклиф этган. Шунингдек, уятли видеоларни юборган.
U.Ch. судда айбини тан олмаган. У бу ишларни телефонидаги бегона рақам кимлигини аниқлаш учун турмуш ўртоғи қилганини айтган.
Жабрланувчи аёл эса маҳалла раисига қонуний чора кўришни сўраган.
“Турмуш ўртоғим билан ўзаро келишмовчилик сабабли ота уйимга кетдим. Қайнонам, маҳалла раиси U.Ch. ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаоли келиб, бизни яраштирмоқчи бўлди. Мени яшаш уйимга олиб кетишди. Ўша вақтда маҳалла раиси менинг телефон рақамимни олиб кетди. Шундан буён тинч қўймасдан, менга ишқий муносабатда бўлишни таклиф қилди. Бир неча маротаба Телеграм орқали порнографик видеоларни ташлади. Шу сабабли оилам бузилиб кетиши мумкин”, деган аёл суддаги кўрсатмасида.
Суд қарори билан U.Ch. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш) ҳамда 189-моддаси (порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

