Суриядаги қамоқхонанинг собиқ бошлиғи қийноқлар учун 60 йилга қамалди
Башар Асад тузуми даврида Адра қамоқхонаси директори лавозимида ишлаган Самир Усмон Шайх маҳбусларни қийноққа солганликда ва ўз ўтмишини АҚШ иммиграция ҳукуматидан яширганликда айбдор деб топилди.

Суриядаги қамоқхонанинг собиқ бошлиғи қийноқлар учун 60 йилга қамалди
Башар Асад тузуми даврида Сурия пойтахти Дамашқдаги Адра марказий қамоқхонаси директори бўлиб ишлаган бригада генерали, 74 ёшли Самир Усмон Шайх маҳбусларни қийноққа солгани ва ўз ўтмишини Америка иммиграция ҳукуматидан яширгани учун 60 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабарида айтилади.
Вазирлик маълумотига кўра, 2005–2008-йилларда қамоқхонага раҳбарлик қилган Шайх сиёсий маҳбусларни қийноққа солиш ҳақида буйруқ берган ва бу ишларда шахсан иштирок этган. Март ойида федерал ҳакамлар ҳайъати уни қийноққа солиш мақсадида тил бириктириш, учта қийноқ ҳолати ҳамда иммиграция ҳужжатларини расмийлаштириш ва фуқароликка ариза топширишдаги фирибгарликда айбдор деб топди.
Судда уч нафар жабрланувчи маҳбусларни «учар гилам» деб номланувчи қийноқ мосламасига боғлаб, шифтга осишгани ва калтаклашгани, баъзиларини эса «13-блок» деб аталадиган жойга юбориб, у ерда ғайриинсоний қийноқларга солишгани ҳақида сўзлаб берди.
Адлия вазирлигининг таъкидлашича, Шайх Асад тузумининг Суриядан ташқарида судланган энг юқори мартабали собиқ вакилига айланди. У АҚШ ҳудудига 2020-йилда кириб келган ва 2024-йил июл ойида ушланган.

