Башар Асад даврида қамоқхонани бошқарган амалдор АҚШда 60 йилга қамалди

Башар Асад даврида қамоқхонани бошқарган амалдор АҚШда 60 йилга қамалди
Сурия собиқ президенти Башар Асад даврида Дамашқдаги қамоқхонага раҳбарлик қилган амалдор АҚШда 60 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Ҳозир 74 ёшда бўлган Самир Усмон Алшайх 2024-йилда айбланган эди. У Дамашқдаги Адра қамоқхонасида маҳбусларга қийноқ қўллашда айбланиб, қийноқларни содир этиш учун тил бириктириш ҳамда қийноққа оид учта банд бўйича айбдор деб топилди.
Шунингдек, Алшайх содир этган жиноятлари ҳақида АҚШ иммиграция органларига ёлғон маълумот бергани, фирибгарлик йўли билан грин-карта олгани ва АҚШ фуқаролигини олишга урингани учун ҳам айбдор деб топилди. Унга нисбатан ҳукм 17-сентябр куни Лос Анжелесдаги АҚШ округ судяси Хернан Вера томонидан чиқарилди.
АҚШ Адлия вазирлиги билдиришича, давлат хавфсизлик тизимида турли лавозимларда ишлаган Алшайх Асад ҳукуматининг Суриядан ташқарида шахсан суд қилиниб, айбдор деб топилган энг юқори мартабали собиқ амалдори ҳисобланади.
Алшайхнинг адвокатлари унга беш йиллик қамоқ жазоси тайинланишини сўраган. Март ойида улар ҳимояларидаги шахснинг айбдор деб топилганидан “ҳафсалалари пир бўлганини” айтган. 2005-йилдан 2008-йилгача Адра қамоқхонасини бошқарган Алшайх аввалроқ ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган.
Башар Асад 2024-йил декабрида исёнчи кучлар Дамашққа яқинлашган пайтда бир неча ишончли одамлари ва оиласи билан Москвага қочиб кетган эди. Сурия уни суд қилиш учун Кремлдан топширишни талаб қилган, бироқ рад жавобини олган. Башар Асад ва унинг амакиваччалари Атеф Нажиб, Васим Ассад сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинган. Шунингдек, Сурия собиқ президентининг укаси Моҳир Асад (акаси каби Россияда яшамоқда) ҳам қасддан қотиллик ва қийноқлар учун сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинган.

