Сурияда ёнилғи нархи ошгани сабаб намойишлар бўлиб ўтди

**Сурияда ёнилғи қимматлашгани ортидан норозилик намойишлари бўлиб ўтди**
Сурияда ёнилғи нархининг ошиши ўтган дам олиш кунлари бутун мамлакат бўйлаб кескин норозиликларга сабаб бўлди. Бу икки йил аввал Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан бери мамлакатдаги энг йирик оммавий намойишга айланди.
Сурия ҳукумати 12-сентябр куни дизел ёнилғиси нархини 40 фоизга ошириб, бир литрини 175 Сурия фунтига (1,32 доллар) етказди. Шундан кейин аҳоли кўчага чиқиб, автомобил шиналарини ёқди ва пойтахт Дамашқни саноат маркази Ҳалаб билан боғлайдиган магистрал йўлни тўсиб қўйди.
Нархларнинг кўтарилиши аллақачон узоқ йиллардан бери иқтисодий инқироз ичида яшаётган сурияликлар аҳволини янада оғирлаштирди. БМТнинг Тараққиёт дастури ҳисоб-китобларига кўра, Сурия аҳолисининг 90 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди. 2011-йилда фуқаролар уруши бошланишидан олдин бу кўрсаткич тахминан учдан бир қисм эди.
Бу сафарги қимматлашув уруш бошланганидан бери энг кескинларидан бири бўлди. Ҳукумат маиший ва саноат гази нархини ҳам тахминан 9 фоизга оширди. АИ-95 бензини 28 фоизга қимматлаб, 195 фунтга чиқди. АИ-90 бензини эса 26 фоизга ошиб, 185 фунтни ташкил этди.
Намойищилар Сурия марказидаги нефтни қайта ишлаш заводларига йўл олган хом нефт танкерлари карвонларини ҳам тўсиб қўйди. Айримлар энергетика ва иқтисодиёт вазирлари ҳамда Сурия миллий нефт компанияси раҳбарининг истеъфосини талаб қилди.
“Бизга маош ошиши керак эмас. Ягона истагимиз — дизел ва бошқа ёнилғилар нархи арзонлашсин”, деди Ҳалабда яшовчи Ёсир Салим Реутерс агентлигига.
Ҳалабдаги намойишда қатнашган яна бир фуқаро Бассам ал-Али бевосита президент Аҳмад аш-Шараъага мурожаат қилиб, вазиятга чидаб бўлмаслигини айтди.
“Чегара пунктлари миллионлаб доллар даромад келтирмоқда. Бизга янги чорраҳалар ёки савдо марказлари керак эмас. Биз шунчаки яшашни хоҳлаймиз”, деди у.
**Россия таъминоти босим остида**
Энергетика вазирлиги матбуот котиби Абдулҳамид Салат 13-сентябр куни баёнот бериб, нархларнинг ошиши вақтинчалик чора эканини ва бу халқаро бозордаги харажатлар ҳамда Суриянинг импортга қарамлиги билан боғлиқлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, вазият ўзгаришига қараб нархлар яна кўриб чиқилиши мумкин.
Сурия Россия хом нефтига кучли даражада боғланган. Мамлакат 2026-йилда кунига тахминан 60 минг баррел нефт импорт қилмоқда. Шунга қарамай, Дамашқ Вашингтонга бу харидларни кескин камайтиришга тайёрлигини билдирган.
Бироқ Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари ишлаб чиқаришни қисқартирди. Натижада Москва бензин ва дизел экспортини чеклашга мажбур бўлди ва бу таъминотга босим ўтказди.
Салатнинг айтишича, нархлар фақат хом нефт таннархини акс эттирмайди. Тайёр маҳсулотлар танқислиги, шунингдек, қайта ишлаш, транспорт ва таъминот харажатларининг ошиши ҳам таъсир кўрсатган. Мамлакатдаги энг йирик Банияс нефтни қайта ишлаш заводининг биринчи тўлиқ профилактика ишлари учун уч ойга ёпилиши ҳам ёнилғи танқислигини кучайтирди.
Шу сабаб АИ-95 бензини феврал ойидан бери тахминан 86 фоизга қимматлашди, дизел нархи эса икки баравардан кўпроққа ошди. Брент маркали нефт нархи бир баррели учун 72,48 доллардан 104,61 долларгача, яъни тахминан 44 фоизга кўтарилди.
44 ёшли такси ҳайдовчиси Имод Абу Рас йўловчилар йўл ҳақининг ошишига эътироз билдира бошлаганини айтди.
“Энди ёнилғи ортидан сабзавотлар ва қолган барча нарсалар нархи ошади. Ечим нимада? Ўғрилик қилишми? Биз ўғрилик қилолмаймиз”, деб қўшимча қилди у.

