Дунё

Сурияда қурол омборидаги портлаш оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди (видео)

Сурияда қурол омборидаги портлаш оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди (видео)

Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида, Сармада шаҳри яқинида жойлашган қурол омборида 9-сентябр куни кучли портлаш содир бўлди. Натижада камида 14 киши ҳаётдан кўз юмди, яна 11 киши жароҳат олди. Бу ҳақда мамлакат расмийларига таяниб Деуцче Велле хабар берди.

Маълумотларга кўра, портлаш қурол-яроғ ва уруш қолдиқларини вақтинча сақлаш жойида юз берган. Сурия Мудофаа вазирлиги ҳарбий аслаҳалар бошқа жойга кўчирилиши керак бўлганини маълум қилди. Ярадорлар орасида муассаса ходимлари ҳам бор.

Ҳудудда портловчи моддалар жуда кўп бўлгани сабабли иккиламчи портлашлар ва ёнғинлар юзага келган. Бу эса қутқарувчилар ишини мураккаблаштирди. Портлаш жойидан узоқ вақт давомида қора тутун кўтарилиб турган. Идлиб вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси қурбонлар сони бўйича дастлабки маълумотларни тасдиқлади. Ҳозирча расмийлар портлашнинг аниқ сабабини ошкор қилмаган.

Бу сентябр ойида Идлибда юз берган иккинчи фожиадир. 1-сентябр куни Бинниш шаҳрида ўқ-дорилар ортилган машина портлаб кетган эди. Ўшанда беш киши ҳалок бўлган ва бир неча киши яраланганди. Шунингдек, июл ойида мамлакатда иккита автобус тўқнашиб 35 киши ҳалок бўлганди.

Сурия кўп йиллик фуқаролар урушидан яқиндагина чиқди. Янги президент Аҳмад аш-Шараъа кучлари Башар Асадни ҳокимиятдан ағдариб, Дамашқни назоратга олган эди. Идлиб уруш даврида энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.