“Супер Эл-Нино” ва илиқ кунлар. Ноябрда об-ҳаво қандай бўлади? Газета прогнози
Ўзбекистонда ноябр одатдагидан 1−1,5 даража илиқ бўлиши кутилмоқда. Бироқ ёғингарчилик бўйича миллий ва халқаро прогнозларда фарқ бор. Тинч океанидаги ъсупер Эл-Нинў ва Арктикадаги жараёнлар об-ҳавога қандай таъсир қилади? Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Газета билан ноябр учун прогнозини бўлишди.

“Супер Эл-Нино” ва илиқ кунлар. Ноябрда об-ҳаво қандай бўлади? Газета прогнози
Тинч океанининг экваториал қисмида сувнинг кескин исиши — Эл-Нино тез суръатларда кучаймоқда. Октабр охирида Тинч океанининг Эл-Нино ва Ла-Ниня кузатиладиган ҳудудида сув ҳарорати ҳаддан ташқари кўтарилиш жараёнида давом этмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Газета билан ноябр ойи учун об-ҳаво прогнозини улашди.
Ўтмишда шунга ўхшаш Тинч океани марказидаги сув исиши, хусусан, 1982−1983, 1997−1998 ва 2015−2016-йилларнинг мос даврларида Марказий Осиё минтақаси, жумладан, Ўзбекистоннинг катта қисмида куз-қиш мавсумларида кўп миқдорда ёғингарчилик кузатилган. Халқаро океан ва атмосфера иқлим маркази баҳосига кўра, Эл-Нинонинг 2026-йил ноябр-январ ойларида ҳам жуда кучли ҳодисага айланиш эҳтимоли 70 фоизга тенг.
Бундай жараён узоқ йиллардан бери кузатилмагани сабабли уни супер Эл-Нино деб аташ мумкин. Шу кутилмадан келиб чиқиб, Жаҳон метеорологик ташкилоти Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг катта қисми учун яқинлашаётган ноябр, декабр, январ ойларида мавсумий умумий ёғингарчилик меъёрдан кўпроқ бўлиши мумкинлигини яшил рангларда кўрсатган.
Жаҳон метеорологик ташкилоти ўз прогнозида айнан ноябр учун Ўзбекистонда ёғингарчиликнинг меъёрдан қанчалик оғиши, ёғингарчилик кўпми, камми ёки меъёрий бўлишини аниқ бермаган бўлса-да, бошқа халқаро об-ҳаво прогноз марказлари ноябрда Ўзбекистоннинг катта қисмида ойлик ёғингарчилик нормадан кўпроқ тушиши мумкинлигига ишора қилган.
Ўзгидромет агентлиги ноябр учун тақдим этган ойлик прогнозида Ўзбекистон бўйлаб ёғинлар меъёрда ва ундан кам бўлишини башорат қилган. Ўзгидромет ёғингарчилик бўйича ноябрда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятлари барча туманлари ҳамда Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё вилоятларининг катта қисмида меъёрдан кам ёғин кутилишига эътибор қаратган. Бошқа ҳудудларда эса меъёрий ёғингарчилик бўлиши айтилган.
Ноябр учун ҳудудларда меъёрий ёғин миқдори 8 мм дан 60 мм гача бўлиши кутилади, фойдаланувчилар ўзлари яшаётган ҳудуддаги меъёрий ёғин қийматини ушбу прогноз харитадан билиб олишлари мумкин.
Ўзгидромет Жаҳон метеорология ташкилоти ва бошқа халқаро марказлар хулосасига таянган ҳолда, ноябр ойида Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво одатдагидан 1−1,5 даража илиқроқ бўлишини маълум қилди.
Глобал иқлим ўзгариши, айниқса, шиддатли исиш шароитида дунёнинг барча минтақаларида ноябр иссиқ келиши кутилмоқда ва бу Ўзбекистонда ҳам кузатилиши прогнозларда кўринган. Бироқ бу ой давомида совуқ ҳарорат тўлқинлари бўлмайди дегани эмас, аксинча, ойнинг 30 куни ичида асосан илиқ кунлар кўпроқ бўлишини англатади.
Демак, ҳарорат режимида совуқ кунлар бўлишини инкор этмаган ҳолда, иссиқ кунлар устун келадиган илиқ ноябрга гувоҳ бўламиз. Буни Ўзгидромет ҳам, бошқа халқаро прогноз марказлари ҳам бир овоздан тасдиқламоқда. Аммо ёғингарчилик бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
Бундай саволларга тўлиқ жавоб олиш учун Марказий Осиёга совуқлик тўлқинлари ва намлик ташилишини белгиловчи 5 га яқин омилнинг ҳозирги ҳолати ҳамда яқин 15 кун ва бир ойлик прогнозлари асосида минтақа об-ҳавоси қандай бўлиши, қачон совуқлик тўлқинлари кириб келиши мумкинлигига эътибор қаратамиз.
Эл-Нино омили.
Бу омил дунё учун ҳануз узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини тузишда ҳал қилувчи драйвер бўлиб қолмоқда. Аммо Марказий Осиё мамлакатлари учун куз-қиш мавсумларида ёғингарчиликнинг оғиши бўйича ўтмишдаги ўхшаш ҳолатларда кузатилган вазиятни тақдим этмаслиги сўнгги икки йил давомида кузатилмоқда. Иқлимшунослар бу феноменни минтақадан анча узоқдаги, жорий иқлим ўзгариши шароити ва Ўзбекистон каби материк ичида жойлашган жуда ноқулай географик жойлашув билан боғламоқда. Шунга қарамай, Эл-Нино келаётган уч ой учун супер Эл-Нино таснифида қолиб, Тинч океани марказидаги сув исиши минтақа учун ёғингарчиликнинг ижобий сигналларини бермоқда.
Атлантика океани шимолидаги намлик.
Айнан шу омил Ўзбекистон учун куз-қиш мавсумларида ёғингарчиликда ҳал қилувчи драйвер бўлиб, Шимолий Атлантика ҳаво айланмаси деб аталувчи катта нам ҳаво оқими келаётган ноябрда Ўзбекистон учун кўп ёғин олиб келувчи позицияда қолмоқда. Яъни у Европа учун камёғинли кунларни тақдим этувчи манфий фазада бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу эса Атлантика океанидан, эҳтимол, Ўзбекистоннинг катта қисмига ноябрда камида икки ёки учта нам ҳаво оқими кириб келишини англатади. Аммо масала нам ҳаво оқимларининг ёғин ташлаш қувватида. Уларга бошқа жараёнлар ҳам бевосита таъсир қилади.
Ҳинд океани шимолидаги сувнинг исиши.
Бу омилга алоҳида ва тўғридан тўғри ёғин кўпайтирувчи механизм сифатида қараш унчалик тўғри эмас, аммо сўнгги йилларда Ўзбекистонда кучли жала, ёғинларнинг жадал кўринишида ёғиш шаклининг ўзгаришида Ҳинд океани шимолидаги Ҳинд океани диполи деб номланувчи ҳодисанинг таъсири бироз юқори аҳамият касб этмоқда.
Айнан ноябр бошларида Ҳинд океани шимолида сув ҳарорати меъёрдан иссиқ, яъни мусбат фазада бўлиши ойдинлашган. Бу эса, эҳтимол, намлик қувватининг Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларидан ташқари бошқа ҳудудлар учун ижобий бўлишини таъминлаши мумкин.
Шимолий қутб доираси устидаги ҳарорат аномалияси ва қутбий уюрма тезлиги.
Айнан ушбу омиллар минтақада барвақт совуқ тушиши ва ғарб ҳамда жанубдан келувчи намлик қувватларини белгиловчи омил сифатида баҳоланиши мумкин. Чунки совуқ антициклонларнинг жануброққа силжиши ва Ўзбекистоннинг катта қисмида шундай совуқ антициклон жараёни ҳукмрон бўлиб, намликнинг камайиши Шимолий қутб устидаги 30 км баландликдаги стратосфера қуйи қисмидаги ҳарорат ўзгариши ва қутбий уюрма деб аталувчи кенг масштабли гирдобга бевосита боғлиқ.
Айни кунларда Арктика устида (30 км баландликда) ҳарорат меъёрдан анча кўтарилиб, қутбий доира бўйлаб эсувчи доимий шамоллар тезлиги кескин секинлашмоқда. Яқин икки ҳафта ичида ҳам бу ҳолат сақланиб қолиши кутилмоқда.
Бу вазият ноябр ўрталари ва декабр бошларида навбатдаги совуқ антициклоннинг Ўзбекистонга чуқурроқ кириб келиши ва ҳудудларда ҳароратни сезиларли пасайтириши мумкинлигини англатади.
Аммо бу прогноз ва унинг оқланиши одатдагидек анча юқори фоизларга эга эмас. Прогнозларга кўра, ноябрнинг учинчи ўн кунлигидан қутбий гирдобдаги шамол тезлиги яна кучайиб, эҳтимол декабрнинг иккинчи ярми ва январда Ўзбекистонда аномал совуқлик кутилмалар эҳтимолини камайтиради.
Юқоридаги барча аломатлар ҳамда бу йилга ўхшаш аналог йиллардан келиб чиқиб, ноябр учун ёғингарчиликнинг меъёрдан оғиш хариталарини тузиб чиқдик.
Ўзгидрометнинг ноябр учун тақдим этган маслаҳатомуз об-ҳаво прогнозига кўра, биринчи ўн кунлик нисбатан илиқ кечади: тунлари +5…+10, кундуз кунлари +17…+22 даража илиқ бўлади. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат пасайиб, тунлари −2…+3, кундуз кунлари эса +5…+20 даража оралиғида ўзгариб туриши мумкин.
Қуйидаги прогноз харитасида ой давомида кузатиладиган ойлик ҳаво ҳарорати Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида кўп йиллик иқлимий нормадан 1−1,5 даража юқори бўлиши кўрсатилган. Демак, айнан шу вилоятларда иссиқ кунлар кўпроқ бўлиши тушунилади. Умуман, агентлик ноябр ҳароратининг меъёрдан сезиларли юқори бўлишини прогноз қилган. Ноябр учун ойлик норма нол даражадан +13 даражагача илиқ ҳароратдан иборат.
Ой давомида айрим кунлари ёмғир ёғиши, ҳарорат пасайган даврларда эса ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши эҳтимолдан холи эмас. Юқорида таъкидлаганимиздек, Ўзгидромет ёғингарчилик бўйича ноябр ойининг қуруқроқ ва меъёрий ёғинлар фонида ўтишини тахмин қилган.
Лекин бизнинг мустақил эксперт сифатида тузган прогноз харитамизда юқорида санаб ўтилган 5 аломатдан келиб чиқиб, Ўзбекистонга кириб келиши мумкин бўлган бир нечта нам ҳаво оқимлари айрим вилоятларга меъёрдан кўп ёғингарчилик олиб келиши мумкинлигига ишора қилинган.
Хусусан, Самарқанд, Жиззах, Наманган вилоятларининг катта қисми ҳамда Тошкент ва Сирдарё вилоятларида ёғингарчилик ойлик меъёрнинг 130 фоизигача юқори оғишга эга бўлиб, ушбу ҳудудларда ноябр ойи намгарчил келиши мумкин.
Қорақалпоғистон, Хоразм ва Қизилқум чўллари аслида ҳам кам ёғинли ҳудудлар ҳисобланади. Бу ерда ноябрда ёғингарчилик меъёрнинг бор-йўғи 70−90 фоизини ташкил этиши кутилаётгани сабабли, ушбу ҳудудларда ой қуруқ кечишини тахмин қилиш мумкин. Ёғингарчиликлар асосан ойнинг биринчи ярмидаги кунлар оралиғида ҳамда учинчи ўн кунликда бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда ёғинлар жойларда қор кўринишида тушиши кутилмоқда.
Шу тариқа, ой ўрталари ва охирида қисқа муддатли совуқ кузатилиши кутилмоқда. Шунингдек, шимол ва Қизилқум чўлларидан ташқари, республика бўйлаб ҳар ўн кунликда камида бир марта нам ҳаво оқими кириб келиши ва ёғингарчилик бўлиши тахмин қилинмоқда.
Такрор бўлса-да, шуни яна бир бор алоҳида таъкидлаш жоизки, узоқ муддатли, хусусан, ойлик ва мавсумий об-ҳаво прогнозларининг ўзини оқлаш даражаси анча паст. Куз-қиш мавсумида ҳар бир ой учун 60−70 фоиздан юқори аниқликда прогноз бера оладиган усуллар ҳозирча мавжуд эмас.

