Ўзбекистонда 26-октабр — 1-ноябр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи
Ўзбекистонда ҳафта боши қуёшли бўлади, саҳар ва кечалари эса нисбатан совуқ (+3…+8, шимол ва тоғларда −3 даражагача) кузатилади. Айрим жойларда қиров тушиши мумкин. Ҳафта давомида кундузи ҳарорат +20…+22 даража атрофида бўлиб, дам олиш кунларида аста исийди.

Ўзбекистонда 26-октабр — 1-ноябр кунлари об-ҳаво қандай кечади? Газета шарҳи
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Газета билан навбатдаги ҳафталик об-ҳаво шарҳини улашди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда жорий ҳафта бошида ҳароратнинг сезиларли тушиб кетишига сабаб бўладиган омил Сибир антициклонининг жанубий чеккаси бўлиб, бу ҳолат ҳудудларда пайшанбагача кундузлари қуёшли, кечалари эса изғирин совуқ ва қуруқ об-ҳавони юзага келтиради.
Пайшанбадан бошлаб антициклон чекиниши ва жанубдан илиқроқ ҳаво кириб келиши тоғли ҳудудлар ҳамда уларга яқин айрим жойларда оз миқдорда ёғингарчилик келтириб чиқариши мумкин. Иш кунларида кундузги ҳарорат максимумлари кўпи билан +20…+22 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларига кўра, ҳафтанинг 26 — 30-октабр кунлари оралиғида Ўзбекистоннинг жуда катта қисмида ҳафта бошидаги салқин ҳаво оқими таъсири сабаб ўртача ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёр атрофида ва ундан 1−2 даража бўлиши қайд этилган.
Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, жорий ҳафта иш кунлари ҳам қуруқ ўтиши, фақат 28−29-октабр кунлари тоғларда ёғингарчилик бўлиши аниқланган. Дам олиш кунлари айрим тоғ этакларида ҳам ёғингарчилик кузатилиши кўрсатилган.
26-октабр — 1-ноябр кунларига мўлжалланган қуйидаги прогноз харитасида ёғингарчилик кутилаётган ҳудудлар кўк, яшил ва сариқ ранглар билан аниқ белгиланган.
Иш кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти, Навоийнинг Қизилқум чўллари ва тоғларда ҳаво ҳарорати −2…−3 даража совуққача пасайиши кутилмоқда. Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳафта бошида +3…+8 даража, жанубий вилоятларда эса +5…+10 даража илиқ бўлиши кутилса, ҳафта ўрталаридан антициклон чекиниши сабаб тунги ва тонгги ҳарорат ҳафта бошига нисбатан бироз кўтарилади.
Ҳафта охирига бориб, тунги ҳарорат кўрсаткичлари жойларда сезиларли ошади. Кундузги ҳарорат ҳам тунги ҳарорат каби анча паст бўлиб қолиши хусусиятига эга. Ҳафта бошида республиканинг катта қисмида ҳарорат максимумлари кўпи билан +20 даражагача кўтарилса, 29, 30 ва 31-октабр кунлари +22 даражагача ўзгаради. Тоғларда кундузги ҳарорат +12…+17 даража оралиғида бўлиши кутилади.
Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ЭСМВФ) прогнозларига кўра, республиканинг катта қисмида ўртача ҳафталик ҳарорат кўп йиллик меъёрга яқин, шимолий ҳудудларда ундан 1−2 даража паст, тоғларда эса иссиқроқ бўлади. Ёғингарчилик бўйича эса октабрнинг сўнгги кунларида меъёр қийматлардан анча қуруқ бўлиши мумкинлиги айтилган.
Шу тариқа, жорий ҳафта бошида кўплаб ҳудудларда кучсиз совуқ уриши ва қиров ҳодисалари кузатилиши мумкин. Йирик шаҳарларда шамолнинг сусайиши айни мавсум учун ҳаво ифлосланишини кучайтиради.
Кузда антициклон таъсирида шамолнинг сусайиши, атмосферанинг турғунлашиши ва тунги-кундузги ҳарорат фарқининг катталашиши аҳоли саломатлиги учун муҳим омилларга айланиши мумкин. Айниқса, ҳафта бошида Тошкент ва водий ҳудудларида ҳаво алмашинуви чекланган пайтларда ПМ2,5-майда заррачаларининг ерга яқин қатламда тўпланиш хавфи ортади.
Ҳатто ҳафта бошида ҳавонинг жуда қуруқ бўлиши айрим тоифадаги кишиларга муаммо туғдириши мумкин. Халқаро эпидемиологик тадқиқотлар суткалик ҳарорат амплитудасининг ортиши нафас олиш ва юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ салбий натижалар хавфини ошириши мумкинлигини кўрсатади.
Болалар, кексалар, астма ва юрак-қон томир касалликлари бор кишилар кўпроқ эҳтиёт бўлиши керак.
Совуқ тонгларда енгил кийимда биоиқлимий ноқулайлик кучаяди. Ҳафта бошида Ўзбекистон ҳудудининг антициклон жанубий чеккаси таъсирида бўлиши ҳаво намлигининг камайиши, тунги ва тонгги соатларда ҳаво ҳароратининг +5 °С дан пастга тушиши учун шароит яратади. Бундай об-ҳаво, айниқса, эрталаб уйдан енгил кийимда чиқадиган кишилар учун сезиларли совуқлик ва биоиқлимий ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин.
Иш кунлари тонгги соатларда ҳам шундай биоиқлимий шароитлар сақланиб қолиши кутилмоқда. Кун давомида ҳаво исиши мумкинлиги эрталабки совуқни эътиборсиз қолдиришга асос бўлмайди. Айниқса, кундузги ва тонгги ҳарорат ўртасидаги фарқ катта бўлганда кийимни об-ҳаво шароитига мослаштириш мақсадга мувофиқ.
Кузги сайр-саёҳатларни ёқтирувчилар учун жорий ҳафта айни муддао — йирик шаҳарларда дарахтлар аста-секин олтин рангларга бурканиб, қуёшли манзара билан бирга эстетик завқ улашади.
Қуёш фаоллиги бўйича мавжуд прогнозларда жорий ҳафта иш кунларида сариқ ва яшил хавф даражадаги магнит бўрони қўзғалишлари бўлиши кўрсатилмоқда.
Иш ҳафтаси боши ва охирида магнит бўрони қўзғалишларининг сариқ даражаси кузатилиши тахмин қилинмоқда. Магнит бўронининг кишилар саломатлигига таъсири ҳақида фанда ҳануз аниқ хулосалар йўқ. Шу сабабли бу каби космик таъсир кишилар саломатлигига аниқ таъсир қилади, деб айтиш нотўғри.
Ўзгидромет агентлиги ҳафта давомида жуда кучли шамоллар бўлишини кутмаяпти. 26−28-октабр кунлари антициклон чеккаси таъсирида шамолнинг сусайиши ва атмосферанинг турғунлашиши айрим ҳудудларда, айниқса, Тошкент ва водийда ҳаво сифатининг вақтинча ёмонлашиши учун шароит яратиши мумкин. Ҳавода чанг заррачаларининг кескин кўпайиши учун ҳозирча кучли метеорологик омиллар кўринмаяпти.
Ҳавода ифлосланиш орца ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш юзага келса, қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитасининг аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш фойдадан холи эмас.
Хулоса қилиб айтганда, 26-октабр — 1-ноябр оралиғида Ўзбекистонда аввал совуқ, кейин эса аста-секин исиб борувчи барқарор об-ҳаво кузатилади. Аҳолиси кўп ҳудудларда атмосферадаги инверсия ҳодисаларининг кучайиши ҳавода майда чанг заррачалари кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.

