Маҳаллий

Ўзбекистонда 19−25-октабр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Жорий ҳафта Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз, анча салқин ва қуруқ об-ҳаво кузатилиши кутилмоқда. Ҳафта ўрталарида ҳарорат +17…+22, тунда эса +5 даражагача пасаяди. Шамол сусайиши сабабли Тошкент ва водийда ҳавонинг майда чанг зарралари билан ифлосланиш хавфи мавжуд. Газета прогнози.

Ўзбекистонда 19−25-октабр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Ўзбекистонда ҳафтанинг иш кунлари об-ҳавосини марказида атмосфера босими 1045 гПа гача кўтарилувчи совуқ антициклоннинг жануби-шарқий, кейинроқ жанубий чеккаси белгилайди. Айниқса, ҳафта ўрталарида ушбу антициклоннинг жанубий чеккаси республиканинг катта қисмида тунда ҳаво ҳароратини +5 даражагача, кундузлари эса +17…+22 даражагача ушлаб туради.

Ўзбекистоннинг жуда катта қисмида ҳафта ўртасидаги салқин ҳаво оқими таъсири сабабли ўртача ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёр атрофида ва ундан 1−2 даража юқори, яъни илиқ бўлиши келтирилган.

Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, жорий ҳафта жуда ҳам қуруқ ўтиши, ҳатто тоғларда ҳам ёғингарчилик бўлмаслиги ойдинлашмоқда. Қуйидаги 25-октабрга қадар кутилаётган умумий ёғингарчилик прогноз харитасида бу вазият яққол акс эттирилган бўлиб, республика бўйлаб келаётган 7 кунликда умуман ёғингарчилик кутилмаслиги аён бўлган.

Ҳафтанинг иш кунлари Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳамда Навоийнинг Қизилқум чўлларида ҳаво ҳарорати нол даражагача пасайиши, республиканинг шимол ҳудудлари ва тоғларида ҳам ҳарорат +1…+3 даражагача тушиши тахмин қилинмоқда.

Республиканинг бошқа қисмларида ҳафта бошларида +5…+8 даража илиқ кутилса, ҳафта ўрталарига келиб антициклоннинг чуқурроқ таъсир этиши сабабли ҳарорат ҳафта бошларига нисбатан бироз пасаяди. Дам олиш кунларига бориб, тунги ҳарорат қийматлари жойларда сезиларли кўтарилади. Кундузги ҳарорат қийматлари ҳам тунги ҳарорат қийматлари каби ўзгариш тамойилига эга. Ҳафта бошида республиканинг катта қисмида ҳарорат максимумлари +23…+28 даража оралиғида кутилса, 22−23-октабр кунлари эса +17…+22 даражага ўзгариб боради.

Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ЭСМВФ)нинг прогнозларига кўра, республиканинг катта қисмида ўртача ҳафталик ҳарорат кўп йиллик меъёрга яқин ва ундан 1−2 даража паст, тоғларда эса иссиқроқ, ёғингарчилик кесимида эса ҳафта ўта қуруқ, тоғларда бўлса ҳафта давомида умуман ёғингарчилик бўлмаслиги ҳисобига ўтмишлардаги октабр учинчи ўнкунликларга нисбатан анча қуруқ бўлиши мумкинлиги келтирилган.

Шундай қилиб, жорий ҳафта ўтган ҳафтадан анчайин салқин ўтиши, ҳафта давомида жуда қуруқ, барқарор об-ҳаво ҳукмрон бўлиши кутилмоқда. Йирик шаҳарларда ҳавода шамолнинг сусайиши айни мавсум учун ҳаво ифлосланишини кучайтиради.

Кузда антициклон таъсирида шамолнинг сусайиши, атмосферанинг турғунлашиши ва тунги-кундузги ҳарорат фарқининг катталашиши аҳоли саломатлиги учун аҳамиятли омилларга айланиши мумкин. Айниқса, Тошкент ва водий ҳудудларида ҳаво алмашинуви чекланган пайтларда ПМ2,5-майда заррачаларининг ерга яқин қатламда тўпланиш хавфи ортади.

Жорий ҳафта иш кунларида тунги ва кундузги ҳарорат фарқлари катталашиши кутилмоқда. Ҳатто тунги минимум ва кундузги максимум фарқи айрим ҳудудларда 20 даражага етиши мумкин. Халқаро эпидемиологик тадқиқотлар суткалик ҳарорат амплитудасининг ортиши нафас олиш ва юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ салбий натижалар хавфини ошириши мумкинлигини кўрсатади.

Болалар, кексалар, астма ва юрак-қон томир касалликлари бор кишилар кўпроқ эҳтиёт бўлиши лозим.

Иш кунлари ўртасида кундузи ҳам қалинроқ кийиниш талаб этиладиган об-ҳаво муҳити кузатилади. Кундузи ҳаво ҳароратининг +15 ёки +17 даража экани алдамчи бўлиб, антициклон таъсирида ҳароратнинг ҳис қилинадиган даражаси пастроқ бўлади. Айниқса, тонгги ҳарорат қийматлари жойларда анчайин паст кутилади. Шамол, ҳаводаги намлик ҳисобига ҳарорат одатдагидан пастроқ ҳис этилади. Дам олиш кунлари тонгги муддатларда изғирин совуқлар таъсири камайиб боради. Аҳоли иссиқ ҳаво оқими кириб келаётганини тонгги ҳарорат қийматларидан ҳам сезади. Ҳафта боши ва дам олиш кунлари эса кишилар ҳатто енгил кийимлар кийиб олиши ҳам мумкин.

Кузги сайр-саёҳатларни хуш кўрувчилар учун жорий ҳафта айни муддао — йирик шаҳарларда дарахтлар олтин рангларга аста бурканиб, қуёшли манзара билан бирга кўпчиликка эстетик завқ улашади.

Қуёш фаоллиги бўйича мавжуд прогнозларда жорий ҳафта ўрталарида қизил даражадаги магнит бўрони қўзғалишлари бўлиши баҳоланяпти.

Иш ҳафтаси бошида эса магнит бўрони қўзғалишлари яшил хавфсиз даражада бўлиши тахмин қилинмоқда. Магнит бўронининг кишилар саломатлигига таъсири ҳақида фанда ҳалигача аниқ бир хулосалар йўқ. Шунинг учун бу каби космик таъсир кишилар саломатлигига аниқ таъсир этиши мумкин дейиш хато.

Ўзгидромет агентлиги ҳафта давомида жуда кучли шамоллар бўлишини кутгани йўқ. Ҳафтанинг иш кунлари антициклон чеккаси таъсирида шамолнинг сусайиши ва атмосферанинг турғунлашиши айрим ҳудудларда, айниқса, Тошкент ва водийда ҳаво сифатининг вақтинча ёмонлашиши учун шароит яратиши мумкин. Ҳавода чанг заррачаларининг кескин ортиб кетиши учун ҳозирча кучли метеорологик омиллар кўринмаяпти.

Ҳавода ифлосланиш орца ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 19 — 25-октабр кунлари оралиғида Ўзбекистонда барқарор об-ҳаво шароити кузатилади. Йирик аҳоли яшаш ҳудудларида, эҳтимол, атмосферада инверсия ҳодисаларининг кучайиши ҳавода майда чанг заррачалари ортишига олиб келиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.