Маҳаллий

Ўзбекистонда 5−11-октабр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Ўзбекистонда янги ҳафта совуқ антициклон ва мавсумнинг илк тумани билан бошланади: ҳарорат сезиларли пасайиб, шимол ва тоғларда 0 даражагача тушади. Чоршанбадан совуқ ҳаво оқими чекинади, кунлар асосан қуруқ ўтиб, ҳаво +25…+28 даражагача илиқлашади. Газета прогнози.

Ўзбекистонда 5−11-октабр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Ҳафта бошида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сезиларли даражада салқин ҳаво кузатилади. Намгарчиликдан сўнг ҳудудга кириб келган совуқ антициклон шимолий ва тоғли ҳудудларда ҳаво ҳароратини деярли нол даражагача туширади. Кундуз кунлари ҳам жанубий вилоятлардан ташқари ҳудудларда +12…+20 даража атрофида илиқ об-ҳаво кутилади.

Чоршанба ва пайшанбадан бошлаб антициклон чекиниши ортидан жойларда кечалари ҳам ҳароратнинг сезиларли кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Ҳафта бошини ҳисобга олмаганда, ҳафта кунлари асосан қуруқ ўтиши тахмин қилинмоқда.

Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларига кўра, ҳафтанинг 5−9-октабр кунлари оралиғида Ўзбекистоннинг жуда катта қисмида ҳафта бошидаги совуқ ҳаво оқими таъсири сабабли ўртача ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан 1−2 даража паст, яъни совуқ бўлади.

Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозига кўра, душанба куни тонгда Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳудудларида, кундузи эса тоғлар ва Фарғона водийсида ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Тоғлар ва водийнинг айрим қисмларида кучли ёғингарчиликлар бўлиши, баланд тоғларда қор ёғиши мумкин.

Ҳафтанинг иш кунлари республика бўйлаб асосан қуруқ, ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши маълум бўлган. Қуйида 4-октабрдан 11-октабрга қадар умумий ёғингарчилик прогноз харитасида жойларга тахминан қанча ёғин тушиши мумкинлиги келтирилган.

Ҳафта бошларида тоғли ва шимолий ҳудудларда тунги ва тонгги пайтларда 0…+5 даража, Бухоро ва Навоий вилоятларида +3…+8 даража, бошқа вилоятларда эса +5 даражадан +12 даражагача бўлиши айтилмоқда. 7-октабрдан бошлаб ҳудудларда тунги ва тонгги ҳаво ҳарорати ҳафта бошига нисбатан сезиларли кўтарилади. Бошқа вилоятларда +7…+12 даража салқин ҳарорат бўлиши прогноз қилинмоқда.

Кундузги пайтларда ҳафта бошида тоғлар, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда +12…+17 даража, жануб ҳудудлардан ташқари бошқа жойларда +15…+20 даража бўлиши ойдинлашган. Чоршанбадан жанубда ҳаво ҳарорати кундузлари +28 даражагача кўтарилса, бошқа ҳудудларда +23…+25 даражагача иссиқ бўлиши мумкин. Ҳафта охиригача ҳудудларда ҳарорат аста-секин, катта бўлмаган қийматда кўтарилиб бориш тенденсиясига эга.

6-октабр кундуз куни кўплаб ҳудудларда мавсум учун илк туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.

Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ЭСМВФ) прогнозларига кўра, ушбу ҳафта Қорақалпоғистон ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари республиканинг катта қисмида ўртача ҳаво ҳарорати шу даврга хос меъёрдан 1−3 даража паст, Қизилқум чўлларида эса жуда совуқ бўлиши, ёғингарчилик бўйича эса водий ва Сурхондарё вилоятларида кўп йиллик шу ҳафтадаги ўртача ёғингарчиликдан кўпроқ ёғин тушиши мумкинлиги келтирилган.

Шундай қилиб, жорий ҳафта бошидаги илк туман ҳодисалари транспорт тармоқлари ва ҳаво қатновига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, ҳафта бошларида шимол ва айрим тоғ этакларида мавсум учун илк совуқ уриш ҳодисалари қайд этилиши кутилмоқда.

Ҳафта бошидаги булутли ва ёруғлик кам бўлган кунларда айрим кишиларда кайфият тушиши, уйқучанлик ва ланжлик кучайиши мумкин. Кундузги ёруғликда сайр қилиш, жисмоний фаоллик ва меъёрдаги уйқу режими бундай ҳолатларни енгиллаштиришга ёрдам беради.

Тавсиялар.

Тухум, ёнғоқ, гўшт ва лосос истеъмол қилиш, жисмоний фаоллик ва қуёшли пайтларда очиқ ҳавода бўлиш фойдали. Витаминларни эса шифокор маслаҳати билан қабул қилиш лозим.

Душанбадан шимолий ва марказий, сешанбадан эса водий вилоятлари 1030 гПа гача кўтарилувчи совуқ антициклон таъсирида бўлади. Бу совуқ ҳаво ва юқори босим қон босими муаммоси бор кишиларга таъсир қилиши мумкин. Атмосфера босимининг кўтарилиши қондаги лейкоцитлар миқдорини камайтириш орқали организмнинг ҳимоя функсияларига салбий таъсир кўрсатади. Ҳаводаги майда заррачаларнинг узоқ вақт сақланиши ҳам саломатликка таъсир қилади.

Енгил душ, гимнастика, калийга бой мевалар истеъмоли, иш юкламасини камайтириш ва кўпроқ дам олиш тавсия этилади.

Биоиқлимий шароитлар.

Жорий ҳафта бошларида тунда ва тонгда Хоразм, Қорақалпоғистон ва тоғли жойлар аҳолиси қиш бошларига хос муҳит таъсирига тушади. Одатда, ҳаво ҳароратининг +5 даражадан пасайиши қалин кийимлар, ҳатто бошга қалпоқ кийиб юриш учун етарли об-ҳаво муҳити ҳисобланади. Душанба ва сешанба тонги юқоридаги ҳудудлар учун шундай паст ҳароратни таъминлайди. Бундан ташқари, ҳафта бошидаги тунги ва тонгги пайтларда антициклон таъсиридаги изғирин инсон танаси ва физиологиясига реал ҳароратни пастроқ сездиради. Шунинг учун ҳафта бошларида Сурхондарё вилояти катта қисмидаги аҳолидан ташқари бошқаларга қалинроқ кийим кийиб олиш тавсия этилади.

Космик таъсирлар.

Қуёш фаоллиги бўйича мавжуд прогнозларга кўра, жорий ҳафта бошида қизил даражадаги магнит бўрони қўзғалишлари бўлиши кутилмоқда. Иш ҳафтасининг чоршанба-жума кунлари эса яшил хавфсиз даражадаги магнит бўрони қўзғалишлари бўлиши мумкин. Магнит бўронининг кишилар саломатлигига таъсири ҳақида фанда ҳануз аниқ хулосалар йўқ. Шунинг учун бундай космик таъсир кишилар саломатлигига аниқ таъсир этади, дейиш хато.

Ўзгидромет агентлиги ҳафта давомида жуда кучли шамоллар бўлишини кутгани йўқ. Ҳафта бошларида антициклон таъсирида шамолнинг сусайиши ва атмосферанинг турғунлашиши айрим ҳудудларда, айниқса Тошкент ва водийда ҳаво сифатининг вақтинча ёмонлашиши учун шароит яратиши мумкин. Ҳавода чанг заррачаларининг кескин ортиши учун ҳозирча кучли метеорологик омиллар кўринмаяпти.

Ҳавода ифлосланиш орца ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 5−11-октабр кунлари оралиғида Ўзбекистонда ҳафта давомида кескин алмашиниб турувчи об-ҳаво шароити кузатилади. Ҳафта бошларидаги сезиларли совуқ ҳаво дам олиш кунлари куз ўрталарига хос иссиқ ҳаво билан алмашинади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.