Маҳаллий

Ўзбекистонда 12−18-октабр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Ҳафта бошида Қорақалпоғистон ва Хоразмдан бошқа ҳудудларда ёмғир ёғиши, тоғларда эса ёғингарчилик кучайиши мумкин. Чоршанбадан республикада қуруқ об-ҳаво устунлик қилади. Кундузи ҳарорат кўтарилса-да, тунда салқин бўлади. Айрим ҳудудларда шамолнинг сусайиши ҳаво сифатига таъсир қилиши мумкин.

Ўзбекистонда 12−18-октабр кунлари об-ҳаво қандай кечади? Газета шарҳи

Марказида атмосфера босими 1030 гПа гача кўтариладиган антициклон Ўзбекистонда иш кунлари об-ҳавони белгилаб беради. Душанба куни аввал кўплаб ҳудудларда, сешанба куни эса водий вилоятлари, тоғли ҳудудлар ва Тошкент вилоятининг айрим жойларида ёмғир ёғиши мумкин.

Шундан сўнг ҳафтанинг қолган кунлари қуруқ ўтиб, дам олиш кунларига бориб ҳаво ҳароратининг аста-секин кўтарилиши кутилади. Кундузлари +20…+25 даража, жануб ва шимолда +25…+30 даража, тунлари асосан +8…+10 даража илиқ, тоғларда эса нол даражагача совуқ бўлиши тахмин қилинади.

Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларига кўра, 12−16-октабр кунлари Ўзбекистоннинг жуда катта қисмида ҳафта бошидаги салқин ҳаво оқими таъсири сабаб бу 5 кунлик даврдаги ўртача ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёр атрофида ва ундан 1−2 даража юқори, яъни илиқ бўлади.

“Ўзгидромет”нинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари барча вилоятларда ёғингарчилик бўлиши кутилган. Сешанба куни эса водий ва тоғларда ёғингарчилик эҳтимоли бор, баъзи пайтларда тоғларда кучли ёғингарчилик ва қор ёғиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Шу билан ҳафта охиригача жойларда қуруқ об-ҳаво бўлиши маълум бўлган. Қуйида 12-октабрдан 19-октабргача, яъни ҳафта давомида ҳудудларда кутилаётган умумий ёғингарчилик прогноз харитасида жойларга тахминан қанча ёғин тушиши мумкинлиги келтирилган.

Ҳафта бошларида шимол, Бухоро ва Навоий вилоятларида, чоршанба ва жума кунлари эса водий вилоятларида тунги ҳамда тонгги соатларда +8…+13 даража, тоғларда +3…+8 даражагача бўлиши айтилмоқда. Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва жанубий вилоятларда бу кўрсаткич +10…+15 даражани ташкил этади.

Кундузги пайтларда ҳафта бошида жануб ва шимолда +23…+28 даража, бошқа жойларда эса булутли ва ёғинли об-ҳаво сабаб +18…+23 даража илиқ бўлади. 14-октабрдан бошлаб республика бўйлаб тоғлардан ташқари +25…+30 даражагача илиқ ҳарорат кутилади. Тоғларда ҳафта бошида +12 даражагача, бошқа кунлари эса +19 даражагача илиқ бўлиши тахмин қилинган. 12 ва 13-октабр кунлари кундуз пайтида кўплаб ҳудудларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.

“Ўзгидромет”нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ЭСМВФ) прогнозларига кўра, ушбу ҳафта Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан ташқари республиканинг катта қисмида ўртача ҳаво ҳарорати шу даврга хос меъёрдан 1−3 даража юқори, яъни сезиларли илиқ бўлади. Водий марказида туманлар ҳисобига меъёрий, шимолда эса жуда иссиқ бўлиши, ёғингарчилик бўйича эса воҳанинг катта қисмидан ташқари кўп йиллик шу ҳафтадаги ўртача ёғингарчилик атрофида ёғин тушиши мумкинлиги билдирилган.

Демак, жорий ҳафта ўтган ҳафтага қараганда анча илиқ ўтиши, ҳафта бошида айрим вилоятларни ҳисобга олмаганда, кўплаб ҳудудларда қуруқ бўлиши кутилмоқда.

Ҳафта бошидаги булутли ва камёруғ кунларда айрим кишиларда кайфият тушиши, уйқучанлик ва ланжлик кучайиши мумкин. Кундузги ёруғликда сайр қилиш, жисмоний фаоллик ва меъёрий уйқу режими бундай ҳолатларни енгиллаштиришга ёрдам беради.

Тухум, ёнғоқ, гўшт ва лосос истеъмол қилиш, жисмоний фаоллик ҳамда қуёшли пайтларда очиқ ҳавода бўлиш фойдали. Витаминларни эса шифокор маслаҳати билан қабул қилиш лозим.

Душанбадан бошлаб шимолий ва марказий ҳудудлар, сешанбадан эса водий вилоятлари 1030 гПа гача кўтариладиган совуқ антициклон таъсирида бўлади. Бу совуқ ҳаво ва юқори босим қон босими муаммоси бор кишиларга таъсир қилиши мумкин. Атмосфера босимининг кўтарилиши қондаги лейкоцитлар сонини камайтириш орқали организмнинг ҳимоя функсияларига салбий таъсир кўрсатади. Ҳаводаги майда заррачаларнинг узоқ вақт сақланиши ҳам саломатликка таъсир қилади.

Енгил душ, гимнастика, калийга бой мевалар истеъмоли, иш юкламасини камайтириш ва кўпроқ дам олиш тавсия этилади.

Ҳафта бошларида кўплаб вилоятларда ҳаводаги юқори намлик сабаб тунги ва кундузги ҳарорат кўрсаткичлари бир-бирига анча яқин бўлиши кутилади. Бундай пайтда одамлар сутканинг катта қисмида деярли бир хил ҳиссиёт шароитларини танасида сезади. Бу енгил кийинганлар учун асосан қулай шароитдан совуқроқ шароитга ўтиш оралиғини беради.

Бироқ тоғли ва шимолий ҳудудлар учун бу қоида ишламайди. Чунки антициклон шимолда ҳафтанинг бошида кундузги ва тунги ҳарорат фарқларини катталаштиради. Яъни шимолликлар ҳафта давомида кундузлари қулай иқлимий шароитни, тун ва тонгда эса салқин об-ҳавони ҳис этадилар. Чоршанбадан бошлаб республиканинг бошқа ҳудудлари аҳолиси ҳам кундузлари иссиқроқ, тунлари эса сезиларли салқин об-ҳавога гувоҳ бўладилар.

Қуёш фаоллиги бўйича мавжуд прогнозларга кўра, жорий ҳафта бошларида қизил даражадаги магнит бўрони қўзғалишлари бўлиши баҳоланмоқда. Иш ҳафтаси охирларига бориб эса магнит бўрони қўзғалишлари яшил хавфсиз даражага қайтиши тахмин қилинмоқда. Магнит бўронининг кишилар саломатлигига таъсири ҳақида фанда ҳануз аниқ хулосалар йўқ. Шунинг учун бундай космик таъсир кишилар саломатлигига аниқ таъсир этади, дейиш хато.

Ўзгидромет агентлиги ҳафта давомида жуда кучли шамоллар бўлишига эътибор қаратмаган. Ҳафта бошларида антициклон таъсирида шамолнинг сусайиши ва атмосферанинг турғунлашиши айрим ҳудудларда, айниқса Тошкент ва водийда, ҳаво сифатининг вақтинча ёмонлашиши учун шароит яратиши мумкин. Ҳавода чанг заррачаларининг кескин ортиб кетиши учун ҳозирча кучли метеорологик омиллар кўринмаяпти.

Ҳаводаги чанг ва майда дисперс заррачалар миқдори ошган ҳолларда аҳолининг турли ёш қатламлари ва сурункали касалликлари бор кишилар учун Санитария-эпидемиология қўмитаси тавсияларига амал қилиш муҳим.

Шундай қилиб, 12−18-октабр кунлари Ўзбекистонда ҳафта бошини ҳисобга олмаганда барқарор об-ҳаво кузатилади. Йирик аҳоли яшаш ҳудудларида атмосферадаги инверсия ҳодисаларининг кучайиши ҳавода майда чанг заррачалари ортишига олиб келиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.