Маҳаллий

Ўзбекистонда 2−8-ноябр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Жорий ҳафта Ўзбекистонда ҳарорат кўп йиллик меъёрдан 3−6 даража юқори бўлиши, ҳаво +28 даражагача илиши кутилмоқда. 4−5-ноябрда айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир, тоғларда қор ёғиши мумкин. Пойтахт ва йирик шаҳарларда кучсиз шамол сабабли ҳавода чанг зарралари сақланиб қолиши эҳтимоли бор.

Ўзбекистонда 2−8-ноябр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Газета билан навбатдаги ҳафталик об-ҳаво шарҳини улашди. Унинг айтишича, ҳафта бошида Ўзбекистонда Қорақалпоғистоннинг айрим ҳудудлари совуқ антициклоннинг жануби-шарқий чеккаси таъсирида бўлиб, тунлари ҳарорат -5 даражагача тушиши мумкин. Бу синоптик жараён республикага чуқур таъсир қилмаса-да, 2-ноябр куни бироз салқин об-ҳаво кузатилишини таъминлайди. 4−5-ноябрда жанубдан кириб келиши кутилаётган нам ҳаво оқимлари айрим жойларга кам миқдорда ёғин олиб келади. Жума кунидан бошлаб ҳарорат кескин кўтарилади ва бу ҳолат дам олиш кунларида ҳам сақланиб қолади.

Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларига кўра, 2−6-ноябр кунлари Ўзбекистоннинг жуда катта қисмида душанбадаги бироз салқин кунни ҳисобга олмаганда, иш кунларидаги ўртача ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан 4 даража ва ундан юқори, яъни иссиқ бўлади.

Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозига кўра, жорий ҳафта иш кунлари 4-октабр куни Бухоро ва Навоий, 4−5-ноябр кунлари Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё, 5-ноябр куни Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида кам миқдорда ёғингарчилик бўлиши, 3−5-ноябр кунлари тоғларда ёғингарчилик кузатилиши мумкинлиги қайд этилган. Бошқа кунлари ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди.

Қуйида 2-ноябрдан 8-ноябр кунигача, яъни ҳафта давомида жойларда кутилаётган умумий ёғингарчилик прогноз харитасида юқоридаги ҳолат яққол акс этган бўлиб, республиканинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик бўлиши мумкинлиги кўк, яшил ва сариқ рангларда кўрсатилган. Тоғли ҳудудлардаги қизил рангли тасвирлар жорий ҳафта ҳудудларда умумий 50 мм гача ёғингарчилик тушишини англатади. Тоғларда ёғинлар асосан кристал, яъни қор кўринишида ёғади.

2-ноябр тонгида Қорақалпоғистон Республикаси айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати −2…−4 даража совуққача пасайиши кутилмоқда. Бундай совуқлик тўлқини асосан айнан шу ҳудудларга хос бўлиб, ҳафта иш кунларида бошқа вилоятларда ҳаво ҳароратининг минимумлари жанубий вилоятларда +5…+10 даража, бошқа ҳудудларда +2…+7 даража оралиғида бўлади. Тоғларда эса кечалари нол даражагача, баъзи пайтларда -3 даражагача совуқ кутилади.

Жума кунидан бошлаб тунги ҳарорат кўтарилиб боради. Кундузги ҳарорат ҳафта бошида бироз пастроқ бўлиши кутилади, ҳафта ўрталаридан эса аста-секин исиб, +20…+23 даража, чўл ва жануб ҳудудларда +25…+28 даража иссиққа чиқади. Тоғларда кундузлари +10…+15 даража илиқ ҳаво кутилади. Ҳафта бошида айрим ҳудудларга туман тушиши мумкин.

Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ЭСМВФ) прогнозларига кўра, республиканинг катта қисмида ўртача ҳафталик ҳарорат кўп йиллик меъёрдан 3−6 даража юқори, яъни иссиқ бўлади. Ёғингарчилик бўйича эса шимол ва Қизилқум чўл ҳудудларида намгарчил ҳафта, водийдан ташқари бошқа ҳудудларда кўп йиллик ноябр бошларига хос ёғинлар бўлиши мумкинлиги айтилган.

Шундай қилиб, жорий ҳафта сезиларли иссиқ, ҳафта ўрталарида чанг босди ёмғирлар, баланд тоғларда эса қор ёғиши кузатилиши ойдинлашмоқда. Йирик шаҳарларда шамолнинг сусайиши айни мавсумда ҳаво ифлосланишини кучайтиради.

Жорий ҳафта об-ҳавоси бевосита инсон саломатлигига таъсир кўрсатадиган даражада эмас. Йирик шаҳарларда ҳавонинг майда РМ2,5 заррачалари билан ифлосланиши айрим тоифа кишилар саломатлигига таъсир қилиши мумкин. Ҳаводаги атмосфера босимининг ўзгаришлари мавсум учун нормал ҳолатда қолиши тахмин қилинмоқда.

Жорий ҳафта жанубдан кириб келиши кутилаётган нам ва иссиқ ҳаво тўлқинлари тунги ҳаво ҳароратининг юқорироқ бўлишига олиб келади. Йирик шаҳарларда ҳафта бошини ҳисобга олмаганда, аҳоли тонгги ва тунги пайтларда изғирин совуқларга дуч келмайди. Гўё баҳор бошидаги илиқликка ўхшаш об-ҳаво муҳити кутилади.

Ҳафта ўртасидан бошлаб чўл ва жануб вилоятларида ҳаво ҳароратининг +28 даражагача кўтарилиши одамларни енгил кийимларда юришга ундайди. Аҳоли қиш нафаси­ни баланд тоғларда ҳис қилиши мумкин. Ҳафта ўрталарида кутилаётган ёғингарчиликлар ушбу ҳудудларда қор ёғиш ҳодисаларини юзага келтириши ойдинлашмоқда.

Кузги сайр-саёҳатларни ёқтирадиганлар учун жорий ҳафта айни муддао — йирик шаҳарларда дарахтлар аста-секин олтин рангга кириб, қуёшли манзара билан бирга кўпчиликка эстетик завқ улашади.

Қуёш фаоллиги бўйича мавжуд прогнозларда жорий ҳафта иш кунлари сариқ ва яшил хавф даражадаги магнит бўрони қўзғалишлари бўлиши баҳоланмоқда.

Фақат жума кунига бориб, қизил хавф даражасидаги магнит бўронлари бўлиши тахмин қилинган. Магнит бўронининг инсон саломатлигига таъсири ҳақида фанда ҳануз аниқ хулосалар йўқ. Шу сабабли бундай космик таъсир кишилар саломатлигига аниқ таъсир кўрсатади, деб айтиш нотўғри.

Ўзгидромет агентлиги ҳафта давомида жуда кучли шамоллар бўлишига эътибор қаратмаган. Бироқ агентлик пойтахтда 8-ноябр кунига қадар шамолнинг суст эсиши ва инверсия ҳодисаси сабаб ҳавода майда дисперс заррачалар миқдори давомли сақланиши ҳақида огоҳлантириш хабарини омма билан бўлишган.

Ҳавода чанг заррачаларининг кескин кўпайиши, катта масштабдаги чанг бўронлари кузатилиши учун ҳозирча кучли метеорологик омиллар кўринмаяпти.

Ҳавода ифлосланиш орца ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш юз берса, қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 2-ноябрдан 8-ноябр кунлари оралиғида Ўзбекистонда аста-секин ҳарорат кўтарилиши билан боғлиқ илиқ кузга мос об-ҳаво кутилади. Йирик аҳоли яшаш ҳудудларида атмосферадаги инверсия ҳодисаларининг кучайиши ҳавода майда чанг заррачалари ортишига олиб келиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.