Маҳаллий

Ўзбекистонда 24−30-август кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Жорий ҳафтада Ўзбекистонда иссиқлик тафти бироз пасаяди, аммо бу салқин кунлар келди дегани эмас. Ҳафта боши ва ўртасида шимол ва шарқ томондан нисбатан салқинроқ ҳаво оқимлари кириб келади. Ҳафта охирига яқин эса иссиқлик яна кучаяди, ҳарорат максимумлари +40 даражагача етади.

Ўзбекистонда 24-30-август кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Ўзбекистонда антициклоннинг жанубий чеккасидаги ҳаво оқимларининг қайта тақсимланиши натижасида республикага нисбатан салқин ҳаво кириб келмоқда. 24-28-август кунлари Қизилқум, Бухоро-Навоий чўллари ва жанубий вилоятлардан ташқари, мамлакатда кундузги ҳарорат асосан +35…+38 даража атрофида бўлади.

Қашқадарё, Сурхондарё ва айрим чўл ҳудудларида ҳарорат +40 даражагача кўтарилиши мумкин. Тунлари эса аксарият ҳудудларда +17…+22 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.

Хорижий об-ҳаво бюролари маълумотларига кўра, ҳафтанинг иш кунларида Ўзбекистоннинг катта қисмида пайшанба-жума кунларидаги иссиқроқ ҳаво тўлқини туфайли ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 1-2 даража юқори бўлиши эҳтимоли бор.

Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, жума кунига қадар республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Фақат дам олиш кунларига бориб шимолий ҳудудлар, Фарғона водийси ва тоғли жойларда қисқа муддатли ёғинлар бўлиши қўшимча қилинган. Қуйидаги ёғингарчилик прогнози харитасида ҳафта давомида айнан қайси ҳудудларда ёғингарчилик бўлиши кўк рангда тасвирланган.

Ҳафталик ҳарорат ўтган ва ундан олдинги ҳафталарникидан сезиларли даражада пасайгани сезилмоқда. 28-августга қадар жануб ва Бухоро, Навоий вилоятлари чўл ҳудудларини ҳисобга олмаганда, республиканинг катта қисмида кундузлари ҳаво ҳарорати +38 даражагача кўтарилади.

Сурхондарё, Қашқадарё ва айрим чўл жойларида ҳаво ҳарорати максимумлари +40 даражага етади. Тоғларда эса ҳафта бошларида +27 даража, бошқа кунлари +30 даража иссиқ бўлиши аниқланган. Тунда ҳудудлар бўйлаб ҳаво ҳарорати +17…+22 даража оралиғида ўзгаради. Тоғларда эса ҳарорат +11 даражагача пасаяди.

Ҳафта бошларида шимол, чўл ва жанубий вилоятларда кучли шамоллар, чанг-тўзонлар кўтарилиши тахмин қилинмоқда.

Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ЭСМВФ)нинг прогнозларига кўра, ушбу ҳафта республиканинг катта қисмида ўртача ҳаво ҳарорати меъёр атрофида ва айрим ҳудудларда меъёрдан 1-3 даража юқори бўлиши, ёғингарчилик миқдори эса шимолий ҳудудларда меъёрдан кўпроқ кузатилиши аниқланган.

Шундай қилиб, ҳафтанинг иш кунлари республика бўйлаб ёзги салқинлик, дам олиш кунларига бориб эса сезиларли иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Бу ўтган ҳафтага нисбатан сезиларли енгиллик, аммо август охири учун хос ҳақиқий салқинлик ҳали бошланмаганини англатади.

Жорий ҳафтадаги об-ҳаво ўзгаришларидан аҳоли саломатлиги кўп ҳам таъсирланмайди. Чунки бу ҳафта атмосфера босими нормал кўрсаткичларга жуда яқин бўлади. Аммо жанубдагилар ва чўлли ҳудудларда яшайдиганлар кундузлари ҳароратнинг +40 даражагача кўтарилишида иссиқликнинг организмга таъсирини камайтириш чораларини кўриши керак.

Шунга қарамай, ҳаво оқимлари ўрин алмашаётганида атмосфера босими ўзгаришлари билан боғлиқ “барик майдоннинг ўзгариши” ҳодисасининг кучсиз шакли рўй бериши ва ҳаво массалари алмашинуви даврида атмосфера босимидаги ўзгаришлар метеосезгир кишиларда ноқулайлик ҳиссини кучайтириши мумкин.

Биоиқлимий шароитлар.

Жорий ҳафта боши ва ўрталарида ўзбекистонликлар, ҳатто жанубий вилоятлар аҳолиси ҳам кундузлари бирор марта жуда юқори экстремал иссиқлик стрессларига дуч келмайди. Республика бўйлаб аҳоли тун ва тонгги муддатларда комфорт иқлимий шароитни ҳис этади. Бундай шароитда инсон организмига тушадиган иссиқлик юки пасаяди ва енгил кийимда ҳам нисбатан қулай термик муҳит шаклланади.

Аммо дам олиш кунларига бориб, республиканинг катта қисмида истиқомат қилувчилар куннинг иккинчи ярмида жуда иссиқ, айрим ҳудудларда эса экстремал иссиқлик ҳиссиёт шароитларини ҳис этади.

Айни вақтда, ҳафта бошларида тоғларда тунда ва тонгда ҳаво ҳарорати +11 даража атрофида бўлган вақтда этни жунжитувчи салқинлик кузатилиши мумкин. Шунинг учун тоғли жойларда тунда ва тонгда қалинроқ кийинишга тўғри келади.

Космик таъсирлар.

Ўтган ҳафтада кучли геомагнит фаоллик кузатилди. Бундай ҳолатлар биринчи навбатда Ернинг магнитосферасидаги ўзгаришларни акс эттиради. Геомагнит бўронларнинг инсон саломатлигига таъсири бўйича илмий натижалар эса ҳануз бир хил эмас; айрим тадқиқотларда эҳтимолий боғлиқликлар қайд этилса-да, уларни умумий аҳоли учун тўғридан-тўғри тиббий таъсир сифатида талқин қилишга асос етарли эмас. Қуёш фаоллиги бўйича мавжуд прогнозларда бу ҳафта давомида “қизил” хавф даражасидаги геомагнит бўрон эҳтимоли юқори баҳоланмаяпти.

Жума кунига бориб эса космик таъсирларга мойил кишилар эҳтимол “сариқ” хавф даражасидаги магнит бўронидан таъсирланишлари мумкин. Бироқ бундай прогнозларнинг ишончлилиги бир неча кундан кейин пасаяди, шунинг учун яқин муддатли янгиланишларни кузатиш мақсадга мувофиқ.

Ўзгидромет агентлиги ҳафта бошлари ва дам олиш кунларига бориб Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистонда кучли шамоллар қуруқ тупроқдан чанг кўтарилишини кучайтириши, шамол сусайиб, атмосфера турғунлашган айрим даврларда майда дисперс заррачаларнинг ҳавода тўпланиши ортиши мумкин.

Ҳавода ифлосланиш орца ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда иссиқлик чекинмоқда, аммо август ҳали ўзининг сўнгги иссиқ зарбасини бериши мумкин.

Ҳафтанинг иш кунлари сутканинг каттароқ муддатларида қулай об-ҳаво, дам олиш кунлари эса бироз беқарор об-ҳаво кузатилиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.