Ўзбекистонда 14−20-сентабр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи
Ўзбекистонда жорий ҳафта қуруқ ва иссиқ ўтиши кутилмоқда. Дам олиш кунлари ҳудудларда кундузи +35…+37 даражагача иссиқ кузатилади. Шунингдек, ҳафта бошида кучли магнит бўрони бўлиши, кундузги ва кечки ҳароратларда катта фарқ юзага келиши мумкин. Газета шарҳи.

Ўзбекистонда 14−20-сентабр кунлари об-ҳаво қандай кечади? Газета шарҳи
Ўзбекистонда жорий ҳафта об-ҳавосини ҳудудларда узоқ вақт сақланиб турадиган паст босимли иссиқ ҳаво шароити белгилайди. Бундай синоптик вазиятда республика бўйлаб, тоғлар ва шимолдан ташқари, тунги салқинлик +13…+18 даража, кундузги иссиқлик эса +30…+35 даража атрофида бўлади.
Дам олиш кунларига келиб иссиқлик янада кучаяди. Ҳафтанинг иш кунларида, тоғли ҳудудларни ҳисобга олмаганда, бошқа жойларда ёғингарчиликсиз қуруқ об-ҳаво кутилади.
Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларига кўра, ҳафтанинг 14−18-сентабр кунлари Ўзбекистоннинг жуда катта қисмида айни иссиқ ҳаво оқими таъсири сабабли шу 5 кунлик ўртача ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан 2−4 даража юқори бўлади.
Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, 14−17-сентабр кунлари республиканинг тоғли ҳудудларидан ташқари бошқа жойларда ёғингарчилик бўлмаслиги аниқланган. 18−20-сентабр кунлари эса иссиқлик янада кучайиб, тоғларда ҳам ёғингарчилик кузатилмаслиги тахмин қилинган. Шу боис жорий ҳафтани қуруқ ҳафта деб аташ мумкин.
Қуйидаги прогноз харитасида ҳафта давомида жойларда кузатилиши мумкин бўлган умумий ёғингарчилик миқдори бўйича кутилмалар берилган.
Ҳафтанинг иш кунларида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ҳамда тоғли ҳудудларда тунги ва тонгги пайтларда +10…15 даража, бошқа вилоятларда эса +13…+18 даража илиқ ҳарорат бўлиши прогноз қилинмоқда.
Кундузги пайтларда тоғларда +22…+27 даража, жануб вилоятларида +30…+35 даража, бошқа вилоятларда +28…+33 даража иссиқ бўлиши қайд этилмоқда. Дам олиш кунларига бориб республика бўйлаб ҳаво ҳарорати тунги ва кундузги муддатлар учун ҳафтанинг иш кунларига нисбатан 2−3 даража юқорига кўтарилади.
Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ЭСМВФ) прогнозларига кўра, ушбу ҳафта республиканинг катта қисмида ўртача ҳаво ҳарорати шу даврга хос меъёрдан 1−3 даража, айрим ҳудудларда 3−6 даража юқори, яъни иссиқ бўлиши, ёғингарчилик миқдори эса меъёрдан анча кам, яъни қуруқ ҳафта каби ўтиши англашилмоқда.
Шундай қилиб, ҳафтанинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳароратнинг сезиларли кўтарилиши, тунги ва кундузги ҳарорат фарқларидаги тафовутнинг катталашиши аҳоли саломатлигига қўшимча юклама тушириши мумкин.
Жорий ҳафтада Ўзбекистонда +34…+36 даража кундузги иссиқлик ва +13…+18 даража тунги салқинлик организмга қўшимча физиологик юклама бериши мумкин. Суткалик ҳароратдаги катта фарқ, айниқса, метеосезгир инсонлар, кекса ёшдагилар ҳамда юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликлари бор инсонларда бош оғриғи, ҳолсизлик, уйқу бузилиши ва қон босими ўзгаришини кучайтириши мумкин. Тадқиқотлар суткалик ҳарорат ўзгарувчанлиги юрак-қон томир ва нафас тизими касалликлари хавфи билан боғлиқлигини кўрсатади.
Намлик юқори бўлса, тернинг буғланиши секинлашиб, организмнинг совиш қобилияти пасаяди ва иссиқлик оғирроқ сезилади. Шу сабабли бундай кунларда етарли суюқлик ичиш, юқори иссиқлик кузатиладиган кундузги пайтларда жисмоний зўриқишни чеклаш ва хонада ҳаво алмашинувини таъминлаш муҳим. Айрим ҳудудларда нисбий намликнинг юқорилиги иссиқликнинг организм учун оғирроқ сезилишига олиб келиши мумкин.
Ҳафтанинг жума ҳамда дам олиш кунлари кундузги айрим пайтларда кўплаб ҳудуд аҳолиси жуда иссиқ об-ҳаво шароитини ҳис этади. Қуйидаги биоиқлимий ҳиссиётни кўрсатувчи замонавий прогноз маълумотларида (УТСИ) ҳам 18-сентабр куни соат 14:00 да Тошкент ва Сурхондарё вилоятининг катта қисми, Сирдарё вилояти аҳолиси биоиқлимий ҳиссиёт нуқтаи назардан жуда иссиқ ҳиссиёт таъсири остида қолиши мумкинлиги кўрсатилган.
Шунга қарамай, жорий кузги иссиқлик тўлқини сабабли республика аҳолиси сутканинг катта қисмида қулай биоиқлимий шароитлардан баҳраманд бўлади. Ҳафтанинг иш кунлари тоғлар ва шимол томонларда тонгги пайтларда нисбатан салқин шароит кузатилади. Бу вақтда ушбу ҳудуд аҳолиси иссиқроқ кийимлар кийиб олишлари тавсия этилади.
Қуёш фаоллиги бўйича мавжуд прогнозларда бу ҳафта бошида “қизил” хавф даражасидаги геомагнит бўрон эҳтимоли юқори экани баҳоланмоқда.
Хусусан, душанба ва сешанба кунлари “қизил” хавф даражасидаги магнит бўрони хавфи мавжуд. Иш ҳафтасининг бошқа кунлари учун асосан “сариқ” даражадаги магнит бўрони прогноз қилинмоқда.
Ўзгидромет ҳафта давомида кучли шамоллар бўлишига эътибор қаратмаган. Ҳавонинг табиий кучли ифлосланиши билан боғлиқ синоптик вазият ҳам ҳозирча анча барқарор. Чанг заррачаларининг кескин ортиши учун ҳозирча кучли метеорологик омиллар кўринмаяпти.
Ҳавода ифлосланиш орца ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш юз берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 14−20-сентабр кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво деярли бир маромда барқарор қолади. Ҳафта бошидаги эҳтимол “қизил” хавф даражасидаги магнит бўронлари ҳамда ҳафтанинг дам олиш кунлари ҳароратнинг сезиларли исиши об-ҳаво ўзгаришлари ва космик таъсирларга мойил аҳоли қатлами саломатлигига таъсир кўрсатиши мумкин.

