Маҳаллий

Ўзбекистонда 7−13-сентабр кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Газета шарҳи

Ўзбекистонда ҳарорат яна кўтарилади. Ҳафта ўртасида шимолий ва тоғли жойлардан ташқари бошқа ҳудудларда ҳаво кундузи +36…+39 даражагача исиб, жазирама кучаяди. Бироқ бу иссиқ узоқ давом этмайди: шимолда пайшанбадан, республикада эса дам олиш кунларидан ҳарорат сезиларли пасаяди.

Ўзбекистонда 7−13-сентабр кунлари об-ҳаво қандай кечади? Газета шарҳи

Ўзбекистонда ўтган ҳафта кунларидаги сезиларли салқинликни таъминлаган шимолдан кириб келган совуқ ҳаво чекинади ва шимолий ҳудудлардан ташқари жорий ҳафта иш кунлари республика бўйлаб ҳароратнинг анча кўтарилишига сабаб бўлади.

Пайшанбадан бошлаб аввал шимолга навбатдаги салқин ҳаво таъсир этиб, шимол ва Қизилқум чўллари учун унча кўп бўлмаган ёғинли кунлар бўлиши маълум бўлмоқда. Дам олиш кунларида эса республиканинг катта қисми яна салқин ҳаво таъсирига тушади, айрим жойларда кундузги максимал ҳарорат нари борса +30 даражагача етади.

Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларига кўра, ҳафтанинг 7−11-сентабр кунлари Ўзбекистоннинг жуда катта қисмида иссиқ ҳаво оқими таъсири сабабли шу 5 кунлик ўртача ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан 2−4 даража юқори бўлади.

Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, 8-сентабр куни Қорақалпоғистоннинг айрим туманларида, 9 ва 11-сентабр кунлари эса Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бироз ёғингарчилик бўлиши, 10 ва 11-сентабрда Бухоро ва Навоий ҳудудларида ҳам бироз ёғинли кунлар кузатилиши келтирилган.

Бошқа ҳудудларда ёғингарчилик бўлмаслиги кутилмоқда. Дам олиш кунларига бориб эса тоғларда қисқа муддатли жала ёғиши мумкинлиги қўшимча қилинган. Қуйидаги прогноз харитасида ҳафта давомида жойларда кузатилиши мумкин бўлган умумий ёғингарчилик миқдори берилган.

Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон ҳамда тоғларда ҳафтанинг иш кунлари тунда деярли бир хил салқин ҳарорат сақланиб, бу ҳудудларда ҳаво ҳарорати минимумлари +10…+15 даража оралиғида ўзгаради. Бошқа вилоятларда эса бу кўрсаткич +13…+18 даража оралиғида, 9−10-сентабр кунлари эса +15…+20 даража оралиғида бўлиши кутилади. Аммо кундузлари водий вилоятларидан ташқари кўплаб ҳудудларда ҳаво ҳарорати тунги ва тонгги муддатлардагидек бир хил тебранишга эга бўлмайди.

Масалан, шимол ҳудудларда ҳафта бошларида кундузги +34 даража иссиқлик ҳафта ўрталарига келиб +28 даражали иссиққа алмашади. Водий ва жанубий вилоятларни ҳисобга олмаганда, республиканинг катта қисмида ҳафта бошида +35 даражагача иссиқ ҳафта ўрталарида +38 даражагача иссиқ ҳароратга ўзгариб, жума куни +32 даражагача тушади. Ҳафта давомида водийда +30…+35 даража иссиқ кутилса, жануб вилоятларида ҳафта ўрталарида ҳарорат +39 даражагача етади. Ҳафта ўрталарида шимол ва чўл томонларда, жума ва шанба кунлари эса республиканинг бошқа кўплаб вилоятларида кучли шамоллар эсиб, чанг-тўзон кўтарилиши мумкин.

Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ЭСМВФ) прогнозларига кўра, ушбу ҳафта республиканинг катта қисмида ўртача ҳаво ҳарорати меъёр атрофида, айрим ҳудудларда эса меъёрдан 1−3 даража юқори бўлиши, ёғингарчилик миқдори эса шимол ва Қизилқум чўлларида кўпроқ кузатилиши мумкинлиги англашилган.

Шундай қилиб, ҳафтанинг иш кунлари республика бўйлаб кундузлари сезиларли иссиқ, тун ва тонгда эса кузги салқин ҳаво кузатилиши ойдинлашган. Бу ўтган ҳафтага нисбатан анча иссиқ бўлишини англатади.

Ҳафта давомида ҳароратнинг бир кўтарилиб, бир пасайиши инсон физиологиясига таъсир қилиши мумкин. Айниқса, болалар, кексалар ва сурункали касалликлари бор кишиларда бу сезиларли таъсир кучига эга бўлади. Бундай кескин ўзгариш организмнинг терморегуляция тизимига қўшимча юклама беради: тунда организм иссиқликни сақлайди, кундузи эса тана совиши учун қон томирлари кенгаяди ва терлаш кучаяди. Суткалик ҳароратдаги катта фарқ юрак-қон томир ва нафас тизимига салбий таъсир кўрсатиши тадқиқотларда кўрсатилган.

Сентабр кунларидаги кескин ҳарорат фарқида организмга тушадиган юкламани камайтириш учун кундузги иссиқ пайтларда узоқ қолмаслик, оғир жисмоний меҳнатни эрталаб ёки кечқурун бажариш ва етарли миқдорда сув ичиш тавсия этилади. Кундузи енгил ва ҳаво ўтказувчи кийим кийиш, қуёшдан ҳимояланиш, кечаси эса салқин ҳавога мос кийиниш муҳим. Кондиционердан фойдаланганда жуда совуқ режимдан сақланиш лозим.

Ҳафта ўрталарида республиканинг катта қисмида аҳоли бир сутканинг ўзида турлича иссиқликни ҳис қилиши мумкин. Бундай ҳарорат контрастлари кун давомида кийиниш тартибига ҳам таъсир қилади. Шунга қарамай, жорий ҳафта иш кунларидаги ҳарорат кўплаб ҳудудларда асосан енгил кийим кийишга ундайди. Шимол ҳудудларидан ташқари республика бўйлаб чоршанба ва пайшанба кунлари, жанубда эса жума куни ҳам ҳафта учун энг иссиқ кунлар ҳисобланиб, ушбу кунларда кундузги муддатларда ҳарорат сезиларли юқори сақланиб, иссиқ биоиқлимий шароитни тақдим этади.

Қуёш фаоллиги бўйича мавжуд прогнозлар бу ҳафта бошида “қизил” хавф даражасидаги геомагнит бўрони эҳтимоли юқори эканини кўрсатяпти.

Хусусан, сешанба куни ҳам “сариқ” хавф даражасидаги магнит бўрони хавфи мавжуд. Иш ҳафтасининг бошқа кунлари учун асосан “яшил” даражадаги магнит бўрони прогноз қилинмоқда.

Ўзгидромет агентлиги ҳафта ўрталари ва жума, шанба кунлари кўплаб ҳудудларда қисқа муддатли кучли шамоллар қуруқ тупроқдан чанг кўтарилишини кучайтириши, шамол сусайиб, атмосфера турғунлашган айрим даврларда майда дисперс заррачаларнинг ҳавода тўпланишини кучайтириши мумкинлигини маълум қилмоқда.

Ҳавода ифлосланиш орца ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш юз берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 7−13-сентабр кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво бир маромда кечмайди: ҳафта бошида иссиқлик кучайиб, ҳафта ўртасида жазирама авжига чиқади, кейин эса шимолдан бошланган салқин ҳаво оқими дам олиш кунларига бориб республика бўйлаб ҳароратни пасайтиради. Шу боис бу ҳафтада асосий хусусият — нафақат иссиқлик, балки унинг тез ўзгариб туришидир.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.