Шавкат Мирзиёев ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифаларни белгилаб берди

Шавкат Мирзиёев ШҲТ олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди
1-сентябр куни Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, ташкилотнинг келгуси фаолияти учун энг долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда “ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” консептуал қарашини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Давлат раҳбари таъкидлашича, ушбу консепсиянинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашинадиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим.
Муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқиш белгиланди. Бу харита ишбилармонлар, инвесторлар ва давлат тузилмалари учун яратилган ягона универсал рақамли дарчада махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистика тизимини бирлаштиради.
ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга тушириш
Ҳозирнинг ўзидаёқ амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар қаторида ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга тушириш ҳамда Ҳукумат раҳбарлари кенгаши транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар портфелини шакллантиришни бошлаши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Ўзбекистон етакчиси Хитой Халқ Республикаси раиси Си Сзинпиннинг Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича бутунжаҳон ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини олқишлаб, ШҲТнинг ушбу янги технологик алянс билан шериклик ўрнатишини таклиф қилди. Шунингдек, ташкилотнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади ва ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарларга жавобан ШҲТ доирасида озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича ягона кун тартибини шакллантириш зарурлиги таъкидланди. Ушбу кун тартибини илгари суриш мақсадида ШҲТнинг комплекс дастурлар, технологиялар ва илғор билимлар алмашинувини мувофиқлаштирадиган ихтисослашган механизмини ташкил этиш таклиф этилди.
Сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ҳамкорлик
2035-йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири сифатида кўрсатиб ўтилди.
Халқаро транспорт йўлакларининг кенг тармоқли тизимини шакллантириш мақсадида ШҲТга аъзо давлатларнинг темирйўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Афғонистон вакиллари билан мунтазам мулоқотни қайта тиклаш
Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш минтақа хавфсизлиги ва тараққиётининг асосий шарти экани таъкидланди. Шу муносабат билан ШҲТнинг Афғонистон вакиллари билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш ташаббуси илгари сурилди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ тўғрисидаги низомнинг қабул қилиниши ташкилот институционал ривожланишининг янги босқичини бошлаб беришига ишонч билдириб, марказнинг самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини таъкидлади.
Қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2028—2030-йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик дастурини тайёрлаш таклиф этилди.
Якунда давлат раҳбари Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилиб олгани муносабати билан табриклади.
Йиғилиш якунида ҳужжатлар имзоланди
Йиғилишдан сўнг ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Хусусан, Бишкек декларацияси, 2002-йил 7-июндаги ШҲТ Хартиясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома, ядровий ва жисмоний ядровий хавфсизликни таъминлаш йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда Беларус президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Хитой раиси Си Сзинпин, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамда ШҲТ бош котиби Нурлан Ермекбаев ва ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев ҳам қатнашди.
Ўзбекистон президентининг Бишкекка ташрифи биринчи куни қандай ўтди?
Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида Бишкек шаҳрига 31-август куни ташриф буюрганди. “Манас” халқаро аеропортида уларни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент администрацияси раҳбари Адилбек Қасималиев ва бошқа расмийлар кутиб олди. Президент ШҲТ доирасида Хитой раиси Си Сзинпин ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашди, АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди. Россия президенти Владимир Путин билан ҳам учрашиб, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.
Шу куни Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Бишкекда ВИ Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Тадбирда ШҲТ доирасида ташриф буюрган бошқа меҳмонлар ҳам қатнашди.

