Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Бишкек саммити тадбирларида иштирок этади
Саммит доирасида президент Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Бишкек саммити тадбирларида иштирок этади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 31-августдан 1-сентабргача Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳамда “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қирғизистонга боради.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, саммит кун тартибидан ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга оид долзарб мавзулар ўрин олган. Шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Йиғилиш якунида ШҲТнинг 25 йиллигига бағишланган Бишкек декларацияси ҳамда хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, экология, сунъий интеллект, маданий-гуманитар алмашинув ва ҳамкорликнинг бошқа кўплаб йўналишларида шерикликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.
Саммит доирасида Президент Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Ўзбекистон етакчиси ВИ Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида ҳам иштирок этади.

