Саудиядаги 400 метрлик улкан куб лойиҳасига янги раҳбар келди
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда улкан куб шаклидаги «Мукааб» биносини қамраб олувчи Нев Мурабба лойиҳасининг раҳбари алмашди. Бош директор вазифасини бажарувчи этиб Сабоҳ Баракат тайинланди. Ўзгариш мегалойиҳанинг молиялаштирилиши ва амалга ошириш имкониятлари қайта баҳоланаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан юз берди.

Саудиядаги 400 метрлик улкан куб лойиҳасига янги раҳбар тайинланди
Раҳбариятдаги ўзгариш ҳақида август охирида Финансиал Тимес хабар берган эди. Компаниянинг расмий сайтида ҳам ҳозир раҳбар сифатида Баракат кўрсатилган.
У Нев Мураббаъни 2024-йил январидан бери бошқариб келган Майкл Дайкнинг ўрнини эгаллади. Компания маълумотига кўра, Баракат кўчмас мулк ва йирик шаҳарсозлик лойиҳаларида 35 йилдан ортиқ тажрибага эга.
У Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармасида раҳбарлик лавозимида ишлайди, аввал РОШН компаниясини вақтинча бошқарган. Шунингдек, Нев Мурабба ташкил этилаётган босқичда ҳам унга раҳбарлик қилган.
Январ ойида Реутерс манбаларига таяниб, «Мукааб»да тупроқ қазиш ва қозиқлар ўрнатишдан ташқари ишлар тўхтатиб турилгани ёзилган эди. Агентликка кўра, ҳукумат лойиҳанинг молиялаштирилиши ва амалга ошириш имкониятларини баҳолаётган, атрофдаги ҳудудни ривожлантириш эса давом эттирилиши кутилган.
Май ойида компания қарийб 15 миллион куб метр тупроқ қазиб олингани ва 1200 та қозиқ ўрнатилганини маълум қилган. Бу натижалар пойдеворни тайёрлаш ишларига тегишли. Улар бинонинг ер усти қисми қачон барпо этилиши ёки мажмуа қачон очилишини аниқлаштирмайди.
Нев Мураббаънинг амалдаги тақдимотида «Мукааб» ҳануз 400 метрлик улкан меъморий обьект сифатида кўрсатилмоқда. Унинг ичида савдо майдонлари, меҳмонхоналар, турар жойлар, панорама томоша қилиш нуқталари ва маданий обьектлар жойлаштирилиши режалаштирилган. Тарқатилаётган тасвирлар тайёр бинонинг фотосуратлари эмас, келажакдаги мажмуанинг компютерда яратилган кўринишларидир.
Лойиҳанинг янги босқичидаги амалий келишувлардан бири Алмана Медисал Гроуп билан ҳамкорлик бўлди. 25-августда эълон қилинган хабарга кўра, Нев Мурабба ҳудудида умумий йўналишдаги шифохона учун тахминан 1 миллиард Саудия риали инвестиция киритиш режалаштирилган.
Тиббиёт муассасасига шаҳзода Турки ибн Абдулазиз ал-Аввал йўли яқинидан 16 минг квадрат метрдан ортиқ ер ажратилиши кўзда тутилган.
Шифохона 200 ўринга мўлжалланган. Унда шошилинч тиббий ёрдам, травматология, оилавий тиббиёт, педиатрия, неонатология, ортопедия, кардиология ва асаб тизими касалликлари бўйича хизматлар ташкил этилиши кутилмоқда.
«Бу инвестициявий ҳамкорлик - келгуси ойларда эълон қилишни режалаштираётган кўплаб келишувларимизнинг биринчиси», - деган Сабоҳ Баракат.

