Самарқандда сув талашиб акасини отиб ўлдирган 58 ёшли эркак 10 йилга қамалди

Самарқандда сув талашиб акасини отиб ўлдирган 58 ёшли эркак 10 йилга қамалди
Самарқанд вилояти Нарпай туманида балиқчилик билан шуғулланган фуқаро ҳовузга сув йўналтириш борасидаги келишмовчилик сабаб акасини отиб ўлдирди. Суд айбланувчига 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилади.
“Дарё” суд ҳужжатларига таяниб хабар беришича, судланувчи 2019-йилда ўрмон хўжалиги билан шартнома тузиб, 2 гектар майдонда 2 та балиқ ҳовузи барпо этган. Унинг акасининг ҳам қўшни ҳудудда 5 та ҳовузи бўлган. Вақт ўтиши билан ака-ука ўртасида мунтазам низолар келиб чиққан.
Жорий йил 12-феврал куни соат 06:30 ларда зовур бўйида навбатдаги можаро юз берган. Марҳум зовур сувини ўз ҳовузига бураётган пайтда судланувчи яшаш вагонидан 12 калибрли ИЖ-18 русумли ов милтиғини олиб чиқиб, акасининг юзига бир марта ўқ узган. Жабрланувчи олган жароҳати ва кўп қон йўқотиши оқибатида воқеа жойида вафот этган. Судланувчи ҳодисадан кейин қуролни уйига яшириб, профилактика инспекторига хабар берган.
Судда айбланувчи айбига қисман иқрор бўлиб, акаси унинг ҳовузидан бир неча бор балиқ ҳамда мош ўғирлагани ва ҳовузини тешиб юбормоқчи бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ўша куни акаси уни кетмон билан урмоқчи бўлиб ёқасидан тортганида милтиқ қўндоғи ерга тегиб, ўқ тасодифан кетиб қолган.
Марҳумнинг ўғли эса амакиси сўнгги пайтларда асабийлашиб қолганини ва ҳаммани ўғриликда гумон қилаверишини билдирди.
“Амаким балиқларни олиб кетяпти деб ҳаммадан шубҳаланадиган бўлиб қолган эди. Бизнинг шароитимиз амакимникидан анча яхши, унинг балиқларини ўғирлашга эҳтиёжимиз йўқ эди”, дейди марҳумнинг ўғли суддаги кўрсатмасида.
Судланувчи қурол тасодифан отилиб кетганини айтган бўлса-да, суд-тиббий экспертизаси буни инкор этди. Хулосага кўра, ўқ марҳумга 50–70 сантиметрдан 1 метргача бўлган масофадан узилгани аниқланган. Эксперт марҳумнинг танасида ўзини ҳимоя қилишга уринишдан қолган жароҳатлар топилмагани ҳамда у ўткир ташқи қон йўқотишдан воқеа жойида вафот этганини маълум қилган.
Дастлабки тергов органи уни ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “и” банди (тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш) билан айблаган эди. Бироқ суд мажлисида тамагирлик омили ўз тасдиғини топмагани сабабли суд ҳайъати қотилликни ЖКнинг 97-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилди ва унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

