Самарқандда собиқ ЙПХ ходими йирик миқдордаги фирибгарликда айбланиб 8 йилга қамалди
Самарқандда хизмат формаси ва машинасидан фойдаланиб фуқароларни алдаган ЙПХ ходими 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У фуқаролардан автомобилларни қисқа муддатда сотиб бериш ёки пулини қайтариш ваъдаси билан 6 млрд сўмга яқин пул олган.

Самарқандда собиқ ЙПХ ходими йирик миқдордаги фирибгарликда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Севимли” телеканалининг “Замон” дастурида хабар берилди.
Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида кўриб чиқилган ушбу ишда ички ишлар ходимининг формаси, гувоҳномаси ва хизмат машинаси фирибгарлик воситасига айланган. Судланувчи Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг лейтенанти бўлган. У ўз формаси ва лавозимидан фойдаланиб, фуқароларнинг ишончига кирган. Ходим фуқароларга қимматбаҳо автомобилларини қисқа муддатда сотиб бериш ёки пулларини қайтариш ваъдаси билан уларни қўлга киритган.
Жабрланувчилардан бирининг сўзларига кўра, собиқ ходим одамларни ишонтириш учун хизмат гувоҳномасини гаров сифатида қолдирган, шунингдек, хизмат автомобили ёнида видеога тушиб, мажбуриятини бажара олмаса, шу машинани ўтказиб беришни айтган.
Маълумотларга кўра, умумий зарар миллионлаб долларни ташкил этиши мумкин. Судланувчининг таъкидлашича, бу жараёнлар 4 йилдан буён давом этиб келган.
Айбланувчи шундай дейди: “Одамлар машинам бор, пулим бор, уйим бор, деб келади. 10 минг, 15 минг доллар олиш кимга ёқмайди? Битта фуқаро пул берган бўлса, иккинчисини еталаб келади, машинасини оласанми деб? Ҳозир кўчадан олган бўлсам, бошига 1 млн доллар пул олганман. Ҳисобласангиз 1 млн долларга ҳам етмайди. Ҳозирги кеча-кундузга ҳисобласангиз, бу ёққа 3 млн, бу ёққа тўланган пуллар 2 млнга яқин… Деярли 6 млн доллар бўйнимга эски фоиз-моиз билан қўшилиб келяпти”.
У ўзи ҳам бошқа бир аёлнинг ваъдаларига ишониб, ушбу ҳолатга тушиб қолганини ва ундан даъвоси борлигини билдирган.
Жабрланганлар ва ноқонуний олди-бердилар сони кўплиги сабабли жиноят иши бир неча қисмга ажратилган. Судда кўриб чиқилган ушбу қисмда 26 та ҳолат бўйича 10 нафар жабрланувчига етказилган 6 млрд сўмга яқин моддий зарар муҳокама қилинган.
Ургут туман прокурори ўринбосари Абдулла Султонов судланувчининг айби дастлабки ва суд терговида, аризалар, кўрсатмалар ҳамда юзлаштиришлар билан ўз исботини топганини билдириб, судядан уни 9 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилишни сўраган. Судланувчи ўз қилмишидан пушаймонлигини билдириб, кечирим сўраган.
Судя Бобур Шерматов раислигида ўтган суд мажлисида якуний ҳукм ўқилди. Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан айбдор деб топилди. Унга нисбатан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ ва муддатни 2026-йил 28-январдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

