Самарқандда ЙПХ ходимини машинасида судраган ҳайдовчи қамоққа олинди
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Самарқандда ЙПХ ходимини автомобилида судраб кетган ҳайдовчи ҳибсга олинди. Бу ҳақда ЙҲХХ матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, 5-август куни Регистон кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими йўл белгисига риоя қилмай ҳаракатланган Спарк русумли автомобилни тўхтатган. Ходим ҳайдовчидан ҳужжатларини кўрсатишни сўраганида, ҳайдовчи унинг қонуний талабини бажармаган.
Шундан сўнг, йўл-патрул хизмати инспектори такроран ҳужжатларни сўраб, қўл узатган вақтда, ҳайдовчи ойнани атайлаб ёпиб, машинани ҳайдаб кетган ва ходимни маълум масофагача судраган.
Ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу транспорт воситаси ва унинг ҳайдовчиси топилиб, қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳайдовчи процессуал тартибда қамоққа олинган.

