Самарқандда ўз акасини милтиқда отиб ўлдириб қўйган эркак 10 йилга қамалди
Балиқчилик билан шуғулланиб келган ака-ука ўз ҳовузлари ўртасидан оқиб ўтган зовур сувини олиш масаласида жанжаллашиб қолган. Ука вагондан ов қуролини олиб чиқиб, акасининг юз қисмига қарата отган. Судланувчи аслида ҳовузига қўнган ўрдакни отиш учун милтиғини олиб чиққанини, акаси билан тортишган вақтида қурол отилиб кетганини айтган.

Самарқандда акасини милтиқ билан отиб ўлдирган шахс 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Kun.uz нашрига маълум бўлган суд ҳужжатларига кўра, ушбу фожиали ҳодиса 12-феврал куни Нарпай туманида юз берган.
1968-йилда туғилган А.С. ва унинг марҳум акаси У.С. туманнинг Мирзо Улуғбек массивида балиқчилик билан шуғулланган. Уларнинг балиқ ҳовузлари ёнма-ён жойлашган бўлиб, ўша куни зовур суви устида жанжаллашиб қолишган.
А.С. акасининг зовур сувини ўз ҳовузига йўналтираётганини кўриб, у билан тортишган. Шундан сўнг, акасини ўлдириш ниятида вагонда сақлаб келган ов милтиғини олиб чиқиб, унинг юзига бир марта ўқ узган. Натижада ака оғир тан жароҳати олиб, вафот этган.
**"Ўрдакларни отмоқчи эдим"**
Судда А.С. айбига қисман иқрор бўлиб, милтиқни ҳовузига келиб қўнган икки ўрдакни отиш учун олиб чиққанини таъкидлаган.
Унинг кўрсатмаларига кўра: "Эрталаб соат 6:00 ларда туриб, терак қаламчасини экдим. Сўнг чой ичиб ўтирганимда кўлга иккита ўрдак қўнди. Вагондан ов милтиғимни олиб чиқиб, ўрдакларни отдим. Унинг биттаси кўлга тушди, иккинчиси учиб кетди. Уват бўйлаб бораётган вақтимда дуп-дуп этган овоз эшитилди. Қарасам, акам менга келаётган сувни очиб юбораётган экан. Нега бундай қилаётганини сўраганимда ҳақорат қилиб, кетмон билан урмоқчи бўлди. Кетмонни қайтарган вақтимда акам ёқамдан тортди ва шу пайт милтиқнинг тахта қисми ерга тегиб, отилиб кетди. У қўли билан отилган жойини ушлади, мендан кечирим сўради ва йиқилди."
Шундан сўнг, А.С. маҳалла профилактика инспектори олдига бориб, акасини отиб қўйганини маълум қилган.
**Жазо**
Ушбу ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Нарпай туман судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Суд ҳукми билан А.С. Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни (қасддан одам ўлдириш) содир этишда айбдор деб топилди. Унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Kun.uz ушбу жиноят ҳақида аввалроқ Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумотига асосланиб хабар берган эди.

