Самарқандда мезолит ва неолит даврига оид қоятош суратлари ҳамда бронза даври манзилгоҳи аниқланди
Нурота тоғ тизмасининг Самарқанд вилояти Қўшработ туманига тўғри келувчи ҳудудида мезолит ва неолит даврларига оид охра билан чизилган қоятош суратлари ҳамда бронза даври манзилгоҳи аниқланди. Манзилгоҳдаги 60 см қалинликдаги маданий қатлам кенг кўламли қазишмалар ўтказиш зарурлигини кўрсатади.

Самарқандда мезолит ва неолит даврига оид қоятош суратлари ҳамда бронза даври манзилгоҳи топилди
Нурота тоғ тизмасининг Самарқанд вилояти Қўшработ туманига қарашли ҳудудида ўтказилган археологик қидирувлар чоғида мезолит ва неолит даврларига оид қоятош суратлари ҳамда бронза даврига мансуб манзилгоҳ аниқланди.
Институтнинг 2026-йилги дала тадқиқотлари режасига асосан, октабр ойида илмий ходимлар Қўшработ туманининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида археологик қидирув ишларини амалга оширди.
“Оқчобсой” МФЙга тегишли Эгрижарсой, Хўжасой (Бадимин), Галажинсой ва Сумбулсой ҳудудларидаги тош айвонларининг деворлари ҳамда шифтларида қоятош суратлари аниқланди. Институт маълумотига кўра, табиий охра бўёғи билан ишланган бу суратлар тахминан мезолит (милоддан аввалги ХИИ-ВИИ минг йилликлар) ва неолит (милоддан аввалги ВИ-ИИИ минг йилликлар) даврларига оид.
Шунингдек, “Панғат” МФЙ ҳудудида олиб борилган қидирувлар давомида учта нуқтадан бронза даврига (милоддан аввалги ИИИ минг йилликдан И минг йиллик бошларигача) оид сопол парчалари топилиб, ўрганилди.
Қумолоқли қишлоғидан 700−800 метр шарқда жойлашган биринчи нуқтада 2×1 метр ҳажмда шурф қазилди. Натижада қалинлиги 60 сантиметр бўлган маданий қатламга эга бронза даври манзилгоҳи аниқланди. Қазишма вақтида кўплаб сопол парчалари ва суяк қолдиқлари қайд этилди.
Институтнинг таъкидлашича, ушбу манзилгоҳда топилган археологик материаллар кенг кўламли қазишма тадқиқотларини олиб бориш зарурлигини кўрсатади.
Топилмаларни ўзаро қиёсий таҳлил қилиш Нурота тоғ тизмаси ҳудудларининг қадимги аҳоли томонидан ўзлаштирилиш босқичлари, шунингдек, бошқа ҳудудларда яшаган қабила ва элатлар билан маданий алоқаларнинг ривожланишини ўрганишга ёрдам беради. Институт маълумотига кўра, тадқиқот натижалари бу жараёнлар ҳақида янги илмий хулосалар чиқаришга асос бўлмоқда.
Аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қўрғонтепа ёдгорлигида илк ўрта асрларга оид ибодатхона қолдиқларидан гипс ҳайкалнинг бош қисми топилган эди.
Мутахассислар топилма қадимги Сўғд санъатини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

