Жарқўтонда бронза даврига оид иншоотлар, ўчоқ ва ёш бола қабри аниқланди
Шеробод туманидаги Жарқўтон археологик ёдгорлигида олиб борилаётган қазишмалар давомида хом ғиштдан қурилган иншоотлар, диаметри 70 сантиметрли ўчоқ, сопол идишлар ва қадимги қабрлар аниқланди. Тадқиқотлар бронза давридаги аҳолининг турмуш тарзи, хўжалиги ва дафн маросимларини ўрганишга қаратилган.

Жарқўтонда бронза даврига оид иншоотлар, ўчоқ ва ёш бола қабри топилди
Сурхондарё вилоятидаги Жарқўтон археологик ёдгорлигида бронза даврига мансуб иншоотлар, ўчоқ ва қабрларга дуч келинди.
Жарқўтонда археологик қазишма ҳамда илмий тадқиқот ишлари жорий йил октабр ойида бошланган. Экспедицияга Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Комил Раҳимов раҳбарлик қилмоқда.
Тадқиқотларда Термиз давлат университети талабалари билан бирга Италиянинг Саленто университети магистранти Франческа Конджедо ҳам қатнашмоқда.
Қазишмалар чоғида ёдгорлик ҳудудидан хом ғиштдан бунёд этилган иншоотлар ва диаметри 70 сантиметр бўлган ўчоқ аниқланди. Бу топилмалар Жарқўтон босқичидаги қурилиш анъаналари ҳамда турар жойлар тузилишини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Ёдгорлик қабристонининг ғарбий қисмида олиб борилган қазишмалар вақтида қабрлардан бирида тўртта бутун сопол идиш топилди.
Шунингдек, ёдгорликнинг асосий ҳудудидан ташқарида амалга оширилган қазиш ишлари натижасида ёш бола қабри, Сополли маданиятининг Жарқўтон босқичига оид хўжалик ўраси ва айлана шаклидаги иккита кул ўраси қайд этилди.
Аниқланган археологик топилмалар бронза даврига — милоддан аввалги ИИИ-И минг йилликларга тегишли. Улар қадимги аҳолининг турмуш тарзи, хўжалик фаолияти, дафн маросимлари ҳамда ёдгорлик ҳудудининг тарихий ривожланиш босқичларини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради.
Топилмаларни қиёсий ва типологик таҳлил қилиш орқали Жарқўтоннинг айрим ҳудудлари қандай вазифани бажаргани ва вақт ўтиши билан қандай ривожланганига доир янги илмий хулосалар олиниши кутилмоқда.
Ҳозирда Жарқўтон ёдгорлигида археологик қазишма ва илмий тадқиқот ишлари давом этмоқда.

