Самарқандда дала майдонига яширилган 55 килодан ортиқ наркотик топилди
Икки нафар гумонланувчи Ласетти автомобилида келиб, гиёҳвандлик воситаларини олаётган вақтда қўлга олинган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Самарқандда дала майдонига яшириб қўйилган 55 килограммдан ортиқ наркотик аниқланди
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида 55 килограмм 750 грамм гиёҳвандлик воситаси билан икки нафар шахс қўлга олинди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида икки нафар шахс Тойлоқ туманидаги дала майдонига Ласетти автомобилида келиб, олдиндан белгиланган жойга яшириб кетилган 41,2 килограмм опий ва 14,55 килограмм гашишни олаётган пайтда ушланган.
Олинган маълумотларга кўра, гумонланувчилар бир йилдан буён Ўзбекистон ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланиб келган.
Улар мазкур гиёҳвандлик воситаларини қўшни давлатда яшовчи раҳнамоларининг кўрсатмасига биноан белгиланган шахсларга етказиб, турли ҳудудларга тарқатиши керак бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, тезкор тадбир натижасида 235 минг дозага тенг бўлган жами 55,75 килограмм опий ва гашишнинг аҳоли орасида тарқалишига йўл қўйилмаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми “а” банди (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

