Самарқанд-Бухоро йўналишида пулли йўл қурилади
Бу йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини

Самарқанд-Бухоро йўналишида пулли йўл қурилади
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
– Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Аввало ичимлик суви ва оқова тармоқлари билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди. Бу йўналишда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 385 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичи учун яна 248 миллион доллар жалб қилинади.
Шу тариқа вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 775 минг киши канализация тармоғига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров ҳозирги 80 фоиздан 95 фоизга етказилади.
Президентимиз одамлар бу ўзгаришларни кутаётганини қайд этиб, масъулларга лойиҳаларни тезлаштириш вазифасини берди.
Вилоят транспорт алоқаларини яхшилаш бўйича ҳам катта режалар белгиланган. Жорий йилда Бухородан ўтувчи А-380 автомобил йўлини реконструксия қилиш якунланади.
Келаси йил М-37 йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 километр қисми янгиланади. Қиймати 200 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрли айланма йўл ҳам барпо этилади.
Самарқанд – Бухоро йўналишида семент-бетон қопламали замонавий пулли автомобил йўлини қуриш режалаштирилган. Бу йўл икки шаҳар орасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириши кутилмоқда. Шу йўналишда тезюрар поезд учун янги темир йўл линияси ҳам назарда тутилган.
Президентимиз мутасаддиларга автомобил ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаш ҳамда ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш бўйича топшириқ берди.

