Маҳаллий

Шавкат Мирзиёев Бухорода йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказди

Давлат раҳбари тайёргарликни фақат тадбирлар ўтказиладиган жойлар билан чекламасдан, транспорт, хизмат кўрсатиш, хавфсизлик ва шаҳар инфратузилмасини комплекс ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Бухорода йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик ҳолати бўйича йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари келгусидаги тадбирлар Бухоронинг бой тарихий мероси ва бугунги салоҳиятини намойиш этиш билан бирга, вилоят тараққиётига ҳам хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади. Шу мақсадда тайёргарликни фақат тадбирлар ўтадиган жойлар билан чеклаб қўймасдан, транспорт, хизмат кўрсатиш, хавфсизлик ва шаҳар инфратузилмасини яхлит тарзда ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда олий даражадаги учрашувлар ҳамда йирик халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Ҳар бир вазирлик ва идорага хорижий ҳамкорлар билан ўз йўналиши бўйича мазмунли мулоқотга пухта тайёргарлик кўриш, мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўрсатиш ва янги қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бухорода замонавий вазият марказларини ишга тушириш, жамоат жойлари ва сайёҳлик обьектларидаги вазиятни рақамли технологиялар ёрдамида кузатиш, йўл ҳаракатини бошқариш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича режалар муҳокама қилинди. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторлари ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, қиймати 300 млн доллар бўлган янги халқаро аеропорт қурилиши, уни шаҳар билан боғлайдиган 23,5 километрлик йўлни барпо этиш ва йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ишлари кўриб чиқилди. Темир йўл вокзаллари атрофини ободонлаштириш, автотураргоҳлар, ёритиш, сервис ва жамоат транспорти қатновини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Шаҳар ва туманларни вокзаллар билан боғлаш учун қўшимча 120 та автобус жалб этиш белгиланди.

Бухоронинг иқлим шароитини инобатга олган ҳолда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт ва буталар экиш билан бирга, уларни парваришлаш учун суғориш ҳамда дренаж тизимларини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Халқаро тадбирлардан инвестиция ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш йўлида фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Саноат кооперацияси, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт-логистика ва экспорт йўналишларида хорижий шериклар билан амалий келишувларга эришиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, вилоятда қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари, электр энергиясини узатиш ва сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ишлари муҳокама қилинди.

Бухоронинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини янада кенгроқ намойиш этиш билан бирга, меҳмонларни ҳудуддаги замонавий корхоналар, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишлар билан бевосита таништириш муҳимлиги қайд этилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ўзгаришларни ҳам амалда кўрсатиш вазифаси қўйилди.

Мутасаддиларга ҳудудларга чиқиб, ишларнинг боришини шахсан ўрганиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва барча вазифалар ижросини қатъий мувофиқлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.