Саида Мирзиёева “Ўзбекфилм” киностудияси фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева “Ўзбекфилм” киностудияси фаолияти билан танишди
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева “Ўзбекфилм” киностудиясига ташриф буюриб, унинг бугунги ҳолати ва фаолияти билан танишди. Студияни замонавий Ўзбекистон кино индустриясининг миллий бренди ҳамда таянч марказига айлантириш зарурлиги қайд этилди.
Маълум қилинишича, “Ўзбекфилм” қарийб бир аср давомида халқнинг тарихи, тақдири, орзу-армонлари ва кечинмаларини экранда акс эттириб келаётган миллий кино маскани ҳисобланади. Энди эса студия фаолиятини замонавий талаблар асосида ривожлантириш вазифаси турибди.
Бунинг учун кино соҳасидаги бошқарув тизимини ўзгартириш кераклиги таъкидланди. Давлат филмнинг ижодий жараёнига аралашадиган буюртмачи эмас, балки соҳани ривожлантирадиган ва молиявий қўллаб-қувватлайдиган стратегик ҳамкор бўлиши лозим. Хусусий киностудиялар, мустақил продюсерлар ва ижодкорлар эса кино индустриясининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиши керак.
Шунингдек, кинони ишлаб чиқаришдан тортиб томошабинга етказишгача бўлган молиялаштириш, дистрибуция, прокат, фестиваллар ва экспорт тизимини замонавий талаблар асосида янгилаш зарурлиги айтилди. Миллий кино меросини сақлаш, филмларни реставрация ва рақамлаштириш, янги авлод ижодкорларини тайёрлаш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини кенгайтиришга ҳам эътибор қаратиш таклиф қилинди.
Саида Мирзиёева соҳада профессионал муҳит ва ўзини ўзи бошқариш маданиятини шакллантириш, киноижодкорларнинг фикри, тажрибаси ва касбий обрўсини муносиб қадрлаш муҳимлигини таъкидлади.
Ташриф чоғида у Абу Али ибн Синонинг болалиги ҳақида суратга олинаётган тарихий филм майдонига ҳам борди. Улкан декорациялар ва ижодий жамоанинг меҳнати билан танишиб, жамоага омад тилади.

