“Ўзбекфилм”нинг 1 млрд сўмдан ортиқ солиқ қарзи тўлиқ қопланди

“Ўзбекфилм”нинг 1 миллиард сўмдан зиёд солиқ қарзи тўлиқ бартараф этилди. Бу ҳақда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари – Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди.
Қайд этилишича, кимошди савдосига қўйилиши кутилаётган 12 та автомобил ҳам киностудия тасарруфига қайтарилган. Эндиликда ходимларнинг йиғилиб қолган 3 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи қарздорлигини қоплаш режалаштирилмоқда.
Аҳмедовнинг таъкидлашича, “Ўзбекфилм” зиммасидаги 22 миллион евролик кредит мажбурияти энг долзарб муаммо ҳисобланади. Киностудияни 10 гектарлик ер майдони билан бирга гаровдан озод қилиш ва кредит мажбуриятини ҳал этиш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб борилаётгани билдирилди.
Август ойи охирида Жаҳонгир Аҳмедов ўзбек киносининг қарийб бир асрлик тарихида муҳим ўрин тутадиган “Ўзбекфилм” киностудияси ҳозирда жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келаётганини маълум қилган эди.
Қўшимча қилинишича, киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб қола олмайди. Яъни, у амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолгани таъкидланган.

