Маҳаллий

“Ўзбекфилм”нинг 22,9 млн евро кредити бор”. Кинематогарфия агентлиги раҳбари Жаҳонгир Аҳмедов киностудиянинг ҳозирги аҳволи ҳақида

“Ўзбекфилм” киностудияси 22,9 миллион евро миқдорида кредитга эга. Кинематография агентлиги раҳбари Жаҳонгир Аҳмедов киностудиянинг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот берди.

Ўзбек киноси тарихида муҳим ўрин тутувчи “Ўзбекфилм” киностудияси бугунги кунда жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келган. Студия катта миқдордаги кредит мажбуриятлари, солиқ ва иш ҳақи бўйича қарздорликлар билан тўқнаш келган. Ҳатто унинг мол-мулки ва ер майдонлари ҳам кредит учун гаровга қўйилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов ўзининг Инстаграм саҳифасида хабар берди.

Аҳмедовнинг сўзларига кўра, муаммолар жуда кўп, аммо ҳозирда энг муҳим вазифа “Ўзбекфилм”ни сақлаб қолиш ва уни гаровдан озод қилишдир.

Унинг таъкидлашича, “Ўзбекфилм”нинг 22,9 миллион евро миқдорида кредит мажбурияти бор ва студиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам ушбу кредит учун гаровга қўйилган.

Бундан ташқари, солиқлар бўйича қарийб 1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик тўплангани сабабли, киностудия балансидаги 12 та автомашина 12 кун ичида ауксионга қўйилиши хавфи мавжуд. Ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам катта қарздорликлар юзага келган.

Киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб қола олмайди, яъни у амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолган. Студияда бизнес модели йўқ ва бозор механизмига тўлиқ ўтилмаган.

Аҳмедовнинг сўзларига кўра, бу шунчаки рақамлар эмас, балки бир асрлик ўзбек киноси тарихи, унинг обрўси ва тақдири ушбу рақамлар ортида турибди. “Ўзбекфилм”да кўплаб буюк режиссёрлар, актёрлар, операторлар, рассомлар ва кино мутахассислари ўз фаолиятини бошлаган. Халқимиз бугун ҳам севиб томоша қиладиган кўплаб филмлар айнан шу ерда яратилган.

Жаҳонгир Одилхўжаевич Аҳмедов 2026-йил 10-июл куни президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори лавозимига тайинланган эди. Бунгача Кинематография агентлигига Шуҳрат Ризаев раҳбарлик қилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.