Дунё

Россияликларга товуқ ва бошқа уй паррандаларини давлат рўйхатидан ўтказиш буюрилди

Россияликларга товуқ ва бошқа уй паррандаларини давлат рўйхатидан ўтказиш топширилди

Россияда 1-сентябрдан бошлаб 10 тадан ортиқ уй паррандаси боқадиган шахсий ёрдамчи хўжаликлар уларни давлат ҳисобидан ўтказиши керак. “Известия” нашрининг ёзишича, янги тартиб товуқлардан ташқари ўрдак, ғоз, курка, бедана, сесарка ва туяқушларга ҳам тегишли.

Паррандаларни рўйхатга олиш билан ҳудудий давлат ветеринария хизмати шуғулланади. Мутахассис хўжаликка бориб, паррандаларни ҳисобга олади ва уларга идентификация рақами беради.

Ҳар бир товуқ ёки бошқа парранда учун алоҳида “паспорт” расмийлаштирилмайди. Уларни гуруҳ бўйича ҳисобга олиш мумкин. Паррандалар сақланадиган жойга махсус рақамли белги ўрнатилади, эгаси, манзил, парранданинг тури ва сони ҳақидаги маълумотлар эса “ВетИС” тизимининг “Хорриот” компонентига киритилади.

Янги қоидалар ижтимоий тармоқларда ҳазилларга ҳам сабаб бўлди. Айрим россияликлар товуқ ва хўрозларини ДХМ (давлат хизматлари маркази) биноларига олиб бориб, “рўйхатдан ўтказиш” жараёнини видеога олган. Шундан кейин Россия қишлоқ хўжалиги назорати хизмати паррандаларни ДХМга олиб бориш шарт эмаслигини алоҳида тушунтиришга мажбур бўлган.

Қоидаларга амал қилмаслик учун жарима ҳам белгиланган. Жисмоний шахсларга 500 рублдан 1000 рублгача, якка тартибдаги тадбиркорларга 3 мингдан 5 минг рублгача, юридик шахсларга эса 10 мингдан 20 минг рублгача жарима солиниши мумкин. Айрим ҳолатларда тадбиркор ва ташкилотлар фаолияти 60 суткагача тўхтатилиши ҳам мумкин.

“Талаблар янги эмас. Уй паррандаларини давлат ҳисобидан ўтказиш мажбурияти Россия ҳукуматининг 2023-йилда қабул қилинган қарорида белгиланган. Шахсий хўжаликларда 10 тадан ортиқ парранда сақлайдиганларга талабни бажариш учун 2026-йил сентябригача, 10 тагача паррандаси борларга эса 2029-йил сентябригача муҳлат берилган” , дейилади хабарда.

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин эса ҳукуматни қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини ҳисобга олиш тартибини қайта кўриб чиқишга чақирган. Унинг фикрича, санитария назорати баҳонасида қишлоқ аҳолиси, депутатлар ва мутахассислар билан олдиндан муҳокама қилинмаган талабларни жорий этиш тўғри эмас.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.