Россияда мигрантлар 1-сентябрдан ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлади

Россияда 1-сентябрдан бошлаб мигрантлар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлади. Бу ҳақда “Коммерсант” хабар берди.
Янги қонуний ўзгаришларга кўра, Россияда 90 кундан ортиқ қолишни режалаштирган чет эл фуқаролари ОИВ (ОИЦ), гиёҳвандлик ва бошқа хавфли касалликлар (жумладан, сил ва сифилис) бўйича тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Бу қоида иш, ўқиш ёки бошқа мақсадларда келган барча шахсларга тааллуқлидир. Улар мамлакатга кирганидан кейин бир ой ичида махсус маълумотномани олишлари керак, кейинчалик бу жараён ҳар йили такрорланади. Ушбу талабни бажармаганларга 25 мингдан 50 минг рублгача жарима солинади ва улар мамлакатдан депортация қилинади.
Янги қонунга кўра, тиббиёт ташкилотлари берилган маълумотномаларни 24 соат ичида Соғлиқни сақлаш вазирлиги базасига жойлаши шарт. Сохта маълумотнома тайёрлаш, сотиш ёки сотиб олиш учун эса 8 йилгача қамоқ жазоси белгиланди.
Бу ўзгартиришлар “Россиядаги хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига киритилди. Ҳужжат барча фраксия депутатлари гуруҳи томонидан Давлат думасига киритилган ва 2026-йилнинг май ойида парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган.
Илгари хорижликлар бундай маълумотномаларни фақат ишлаш рухсатномаси, вақтинчалик яшаш ҳуқуқи, патент ёки яшаш гувоҳномасини расмийлаштиришда топширган. Муддатлар ҳам енгилроқ (30 кундан 90 кунгача) эди. Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида маълумотнома топширишдан бўйин товлаганлик учун жарима йўқ эди. Лекин ноқонуний ишлаган мигрантларга 5 минг рубл жарима солиниши мумкин эди.
Қонунда тиббий кўрик ўтказувчи муассасалар учун алоҳида бўлим ажратилган. Энди хорижликларга бериладиган маълумотномалар фақат рақамли шаклда бўлади. Тиббиёт ташкилотлари уларни электрон имзо билан тасдиқлайди ҳамда 24 соат ичида Соғлиқни сақлаш вазирлиги реестрига киритади.
Агар кўрик натижасида хавфли юқумли касалликлар ёки гиёҳвандлик аниқланса, тиббиёт муассасалари бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ва “Роспотребнадзор”га хабар бериши шарт. Бу икки идора олинган маълумотлар асосида хорижликни Россиядан депортация қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Янги қонун тиббиёт ташкилотларига кўрик ўтказиш ҳуқуқини учинчи шахсларга беришни тақиқлайди. Қоидани бузганлар 1 миллион рублгача жаримага тортилади. Ўзгартириш муаллифлари шу йўл билан сохта маълумотномалар муаммосини ҳал қилишни мақсад қилган.
Шунингдек, Россия Жиноят кодексига хавфли ва юқумли касалликлар йўқлиги ҳақидаги сохта маълумотномаларни қалбакилаштириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги модда қўшилди. Уларни интернет орқали бир гуруҳ шахслар томонидан сотиш ёки сотиб олиш 3 йилдан 6 йилгача қамоқ ҳамда 2 миллион рублгача жарима билан жазоланади.
Агар бу ҳолат оммавий касалланишга олиб келса, жазо 4 йилдан 8 йилгача қамоқ ва 3 миллион рублгача жаримани ташкил этади. Илгари сохта маълумотнома сотганлик учун Жиноят кодексининг 327-моддаси бўйича 2 йилгача қамоқ жазоси берилар эди.
Аввалроқ Россияда бир қўли ёки оёғи йўқ одамларга автобус ҳайдашга рухсат берилгани ҳақида хабар берилганди. Ўзгариш Россиянинг Украинадаги уруши иштирокчиларини иш билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинаётган бир пайтда қабул қилинган.

