Россия аёллар кийимида юрган тожикистонлик икки мигрантни депортация қилади

Россия аёллар кийимидаги икки тожикистонлик муҳожирни депортация қилади.
Россияда аёллар кийимида бўлган икки тожикистонлик эркак “ЛГБТ тарғиботи”да айбланиб, мамлакатдан чиқариб юборилади. Бу ҳақда “Медуза” нашри хабар берди.
Москванинг Люблин суди Ҳасанжон Раҳимов ва Ёрғибеги Саизодани 10 суткага маъмурий қамоққа олиш ва Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Иш ҳужжатларига кўра, улар 18-август куни кечқурун “Садовод” бозорида ҳибсга олинган. Полиция хорижликларнинг “танлов эркинлиги” шиори туширилган аёллар кийимида бўлганини таъкидлаган.
Баённомада ушбу шиорнинг аниқ кўриниши, муҳожирларнинг қандай кийинганлиги ва либоснинг аёлларга тегишли эканлиги нимадан келиб чиққанлиги кўрсатилмаган. Полиция ходимлари Тожикистон фуқаролари “ноанъанавий жинсий муносабатларнинг жозибадорлигини намойиш этган” деб ҳисоблаган.
Судда Раҳимовнинг оилали ва бир фарзанди борлиги, Саизоданинг эса тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлиги маълум бўлди.

