Дунё

Россия фуқароларнинг сафарлари устидан назоратни кучайтиради

Россия Транспорт вазирлиги фуқароларнинг саёҳатлари ҳақида ҳукуматга тақдим этиладиган маълумотлар ҳажмини оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазирликнинг янги буйруқ лойиҳаси билан танишган “Вёрцка” нашри хабар берди.

Россияда 2024-йилдан бошлаб йўловчилар ва экипаж аъзоларининг шахсий маълумотларини ўз ичига олган автоматлаштирилган марказий базалар юритилмоқда. Ташувчилар ва чипта брон қилиш хизматлари ушбу базаларга самолёт, поезд, шаҳарлараро автобус, шунингдек, денгиз ва дарё транспортидаги қатновлар ва сафарлар ҳақидаги маълумотларни узатади.

Базага чиптани сотиб олиш, қайтариш, қайта расмийлаштириш, пулни қайтариш, йўловчиларнинг транспортга чиқиши, тушиши ва жўнаб кетиши ҳақидаги маълумотлар ҳамда бошқа амаллар киритилади. Бундан ташқари, у ерда йўловчиларнинг шахсий маълумотлари — паспорт маълумотлари, электрон почта манзили, ташувчи тизимидаги аккаунтининг логини ва пароли, чипта расмийлаштирилган ИП-манзил ҳамда тўлов ҳақидаги маълумотлар сақланади. Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизмати ҳам ушбу базалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Янги буйруқ лойиҳаси ташувчиларга нафақат режалаштирилган, балки амалдаги сафарлар ҳақида ҳам маълумот тақдим этиш мажбуриятини юклайди. Самолёт ва поездларга оид маълумотлар йўловчи охирги манзилга етиб келганидан сўнг 15 дақиқа ичида, автомобил, денгиз ва дарё транспортида эса 30 дақиқа ичида базага келиб тушиши керак бўлади. Ҳар бир сафарга ноёб идентификатор бириктирилади ва у муайян йўловчининг чиптани брон қилиш ва сотиб олишдан тортиб, транспортга чиқиши ва тушишигача бўлган барча ҳаракатларини ўзаро боғлайди.

Авиапарвозларда бир рейсдан бошқасига ўтиш ва багаж ҳақидаги маълумотлар ҳам базага узатилади. Янги талаблар мунтазам рейсларга ҳам, чартер рейсларига ҳам бирдек татбиқ этилади.

“Вёрцка” сўровида қатнашган экспертларнинг фикрича, бу буйруқ биринчи навбатда тезкор-қидирув тадбирлари учун қўлланилади. Жиноят ишлари фигурантлари, маҳкумлар, гумонланувчилар ва гувоҳларнинг ҳаракатланиши кузатиб борилади. Бироқ уларнинг фикрича, сафарбарлик учун бу воситага эҳтиёж бўлмайди. Чунки ҳарбий хизматга мажбур шахсларнинг ҳаракатланишини чеклаш учун мамлакатдан чиқишни автоматик равишда тақиқлаш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бекор қилиш каби чоралар аллақачон мавжуд.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.