Дунё

Россияда мигрантларнинг патентини автоматик бекор қилиш тизими ишга туширилди

Агар мигрант жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (НДФЛ) бўйича аванс тўлови амалга оширмаса, унинг патентини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида автоматик равишда қарор қабул қилувчи хизмат ишга туширилди.

Россияда 10-августдан бошлаб чет эл фуқаролари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (НДФЛ) бўйича аванс тўлови ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда, уларнинг патентини автоматик равишда ҳақиқий эмас деб топиш тизими ишга туширилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот марказига таяниб хабар берди.

Идоранинг маълумотларига кўра, Россияда патент асосида ишлаётган хорижликлар ҳар ой аванс тўловини тўлаши шарт. Ушбу тўлов тўланмаган тақдирда патентнинг амал қилиш муддати тўхтатилади. Шунингдек, ИИВ мигрант учун солиқ тўлайдиган учинчи шахсларга тўловнинг мақсади қисмида унинг тўлиқ маълумотлари: фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва СТИРни кўрсатишни тавсия қилди. Бу ахборот тизимларида тўловларни тўғри ҳисобга олиш учун зарур.

Агар мигрант патентни бекор қилиш тўғрисидаги қарорга рози бўлмаса, у НДФЛ тўлангани ҳақидаги квитансияларнинг асл нусхаларини тақдим этган ҳолда, ҳужжатни берган ИИВ ҳудудий органига мурожаат қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2027-йил 1-январдан Россияда хорижий ищиларга нисбатан талаблар кучайтирилади: улар ўзини ва қарамоғидаги оила аъзоларини боқиш учун етарли даромадга эга эканини тасдиқлаши керак бўлади, акс ҳолда патент ёки ишлашга рухсатнома муддати узайтирилмайди.

Вақтинча яшашга рухсатнома (РВП) ва яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) бекор қилиш учун асослар кенгайтирилмоқда, мигрантларнинг фарзандлари мамлакатда бўлишининг янги қоидалари ва НДФЛ бўйича қўшимча аванс тўловлари, жумладан, жисмоний шахслар қўлида ишловчилар учун ҳам жорий этилмоқда. Шу билан бирга, солиқ органлари 2026-йил 1-октябрдан бошлаб мигрантларнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига тақдим этишни бошлайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.